Ссылки доступа

Тожикистонлик фаол Қадам Исматов Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди


Саратов шаҳар миграция департаменти ижтимоий тармоқ фаоли Қадам Исматовга унинг Россия фуқаролиги бекор қилингани ҳақида хабар берди.

Бу ҳақда 14 ноябрь куни Озоди радиосига Исматовнинг ўзи маълум қилди ва у Тожикистон расмийлари фаолиятидаги камчиликлар ҳақида мунтазам равишда интернетда ёзиши ва ҳозир Россия фуқаролигидан маҳрум бўлганидан кейин депортация қилиниши мумкинлигидан хавотирда эканини айтди.

Ўтган йилнинг март ойида Саратов ички ишлар бошқармаси 58 ёшли Қадам Исматовни фуқароликдан маҳрум қилиш масаласини кўтарган эди, бироқ 2020 йил декабрида суд унинг фойдасига қарор чиқарди.

Қадам Исматовнинг сўзларига кўра, Россия расмийлари унинг фуқаролигини 22 сентябрда бекор қилган, бироқ бу ҳақда атиги уч кун аввал почта орқали хабар қилган.

«Саратов паспорт столига мурожаат қилганимда, улар менга фуқароликни олишда нотўғри маълумот берганимни айтишди. 2005 йилдан бери Россия фуқаросиман. Нега энди менинг маълумотларим ишончсиз бўлиб чиқди? ” дейди у.

Исматов 1993 йилдан бери Россияда ҳарбий хизматни ўтаб, Саратов шаҳрида истиқомат қилади. Тожик фаолининг айтишича, ўтган йилнинг декабрида судда ғалаба қозонгач, бу масала аллақачон тўлиқ ҳал бўлган ва бошқа кўтарилмайди, деб ўйлаган.

«Нега менинг фуқаролигим ҳақидаги масала менинг билдиришимсиз ва судда иштирокимсиз кўриб чиқилди? Қарийб 17 йилдан бери Россия фуқаросиман ва оилам билан шу ерда яшайман», — дейди Исматов.

Ўтган йили судда Қадам Исматовни унинг адвокати Шуҳрат Қудратов ҳимоя қилган эди. Энди Қудратов собиқ мижозига фуқароликни қайтадан олиш учун ариза беришни маслаҳат берганини айтади. «Аммо бу сафар мен унга ҳуқуқий ёрдам бера олмайман, чунки ўзим ҳам Тожикистонга депортация қилиниши кутилмоқда», деди Қудратов.

Аввалроқ Европадаги мухолиф гуруҳлардан бири томонидан тузилган Тожикистонда сиёсий гаровга олинган ва маҳбусларни қутқариш бўйича фуқаролик қўмитаси халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Қадам Исматовнинг Россиядан Душанбега депортациясининг олдини олишга чақирган эди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Душанбедаги ҳукмрон режим мухолифларининг ҳибсга олиниши ва Россиядан Тожикистонга депортация қилинишини бир неча бор танқид қилган.

XS
SM
MD
LG