Ссылки доступа

Ўзбекистонлик мутахассислар Мозори Шариф аэропорти фаолиятини қайта йўлга қўяди


Ўзбекистон Балхдаги Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги халқаро аэропортини таъмирлаш ва ишчиларни ўқитиш учун Афғонистонга мутахассислар гуруҳини йўллади.

Бу ҳақда TOLOnews хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Толибон вакиллари билан Балхда ўтказилган учрашувда билдирган.

Мозори Шарифга аэропортни тиклаш учун 30 чоғли техник ходимдан иборат гуруҳ жўнатилганини қайд этган И. Эргашев Ўзбекистон Афғонистонга турли соҳаларда, айниқса инфратузилма масаласида кўмак кўрсатишга ҳаракат қилишини урғулаган.

Толибон расмийлари томонидан Балх вилояти губернатори этиб тайинланган Қудратуллоҳ Ҳамза Ўзбекистон делегацияси билан темир йўл таъмири ҳамда электр энергияси етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинганини билдирган. Унга кўра, банк тизимидаги муаммолар ҳал қилиниши билан Ўзбекистонга электрдан бўлган қарз тўланади, Тошкент эса бу вақт оралиғида электр етказиб беришни тўхтатмаслиги лозим.

Толибон ҳукуматида авиация ва транспорт ишлари вазирининг ўринбосари вазифасини бажараётган Ҳасибуллоҳ Соруш мулоқот чоғида ўзбекистонлик мутахассислар аэропорт ва барча жиҳозларни таъмирлаб, қайта ишга тушириши, аэропортда ишлайдиган 83 нафар ходим ўқиш учун Ўзбекистонга йўлланиши ҳақида келишувга эришилганини билдирган.

Ўзбек делегацияси музокара олиб борган Толибон ҳукумати ҳанузгача дунёнинг бирор давлати томонидан расман тан олинган эмас.

XS
SM
MD
LG