Ссылки доступа

Россияда Қозоғистон фуқаросини зўрлаш иши бўйича уч нафар собиқ полициячи оқланди


Россиянинг Екатеринбург шаҳри суди ҳибсга олинган шахсни хизмат машинасида зўрлаганликда айбланган уч нафар собиқ полициячини оқлади.

Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаган, дейилади суд сайтида.

Тергов маълумотларига кўра, 2019 йил август ойида полициячилар Вадим Мустафин, Андрей Бессарабов ва Вячеслав Тропин Қозоғистоннинг 22 ёшли фуқаросини қўлга олиб, УАЗ полиция машинасида зўрлаган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, полиция ходимлари уни бўлимга олиб бориб, у ерда «даврага қўйиб юборишлари» билан таҳдид қилган. Уч нафар полициячи хизматдан четлаштирилди. Россия Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, текширувдан сўнг уларнинг учта бошлиғи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ишдан бўшатилган, яна 14 нафар ходим эса интизомий жазога тортилган.

2020 йил июль ойида Екатеринбург суди Мустафинни олти ярим йилга, Тропин ва Бессарабов эса олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бироқ, ўша йилнинг декабрь ойида Свердловск вилоят суди ҳукмни бекор қилди ва ишни янги суд муҳокамасига юборди. Бу қарор, E1.ru сайти ёзганидек, янги очилган ҳолатлар билан боғлиқ: қизлардан бири жабрланувчи сутенёрликда гумон қилинувчининг кўрсатмаси билан полицияга туҳмат қилганини ва полиция унинг бизнесига аралашганини даъво қилди.

Жабрланувчининг ўзи нашрга ариза билан полицияга боришдан қўрқаётганини айтди. «Мен ўзимни ҳимоя қилишга уринишларим вазиятни янада оғирлаштириши, мени калтаклаши ёки ҳаммаси ўлим билан якунланишидан қўрқдим», деди у. — Мен полицияга боришни хоҳламадим, қўрқдим».

Ҳукм ҳали кучга киргани йўқ, унга шикоят қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG