Ғарбий Австралия агентлиги жорий йилнинг октябрь ойида 53 ёшли Одиназод иши бўйича янги айбловлар пайдо бўлганини хабар қилган эди. Тергов тугадими ёки йўқми, номаълум. Унга аввалроқ тўртта модда, жумладан Австралияда терроризмни тарғиб қилиш бўйича айблов қўйилган эди.
Ғарбий Австралия университетининг Перт шаҳридаги ўқитувчиси Абдусалом Одиназода 2020 йил 22 декабрь куни ўз уйида терроризмни тарғиб қилиш, интернетда экстремистик характердаги материалларни тарқатишда айбланиб ҳибсга олинган эди. Расмий хабарга кўра, февраль ойида Австралия полицияси Абдусалом Одиназод интернетда «зўравонликка чақирувчи видеоқўнғироқ«ни жойлаштирганидан кейин унга нисбатан тергов бошлаган.
2018 йил бошида Тожикистон расмийлари Абдусалом Одиназодга нисбатан Жиноят кодексининг икки моддаси – конституциявий ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқлар ва интернет орқали экстремистик фаолиятга чақириш бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилганди.
Бироқ Одиназода ижтимоий тармоқларда ҳозирда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партияси раҳбарларини бир неча бор танқид қилганида, Тожикистон ҳукуматига яқин саҳифалар маъмурлари унинг видеосини қайта жойлаштирган ва олимни қўллаб-қувватлаган.
Абдусалом Одиназода 2003 йилдан бери Австралияда истиқомат қилади, шу давлат фуқаролигига эга. 2015 йилда у мусофирчиликдан чарчаганини ва ватанига қайтишини маълум қилган эди. Бир муддат Тожикистон тиббиёт университетида кимё фанидан дарс берган, 2016 йилнинг май ойида эса Фейсбукдаги саҳифасида ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли Тожикистондан депортация қилингани ҳақида ёзган эди.
Ижтимоий тармоқлардаги кўп постлари форс, тожик тилларининг ўзига хослиги, зардуштийлик билан боғлиқ. Аммо Тожикистонни тарк этгач, олимнинг қарашлари кескин ўзгарди. У ижтимоий тармоқларда диний мавзуларда муҳокамалар бошлади, ИШИД жангариларини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлади ва ўз саҳифасида экстремистлар видеоларини эълон қилди.
Абдусалом Одиназода Сўғд вилояти Исфара тумани Сурх қишлоғида туғилган. Унинг сўзларига кўра, 16 ёшидан бошлаб у бошқа мамлакатларда яшаб, ишлаган ва ҳеч қачон Тожикистон фуқаролигига эга бўлмаган.
Олимнинг икки фарзанди бор — бир ўғил ва бир қиз, унинг сўзларига кўра, улар ўз қарашларини баҳам кўрмайдилар ва бутунлай бошқача ҳаёт кечирадилар.