Ссылки доступа

Бишкекда арзонлаштирилган кўмир сотиладиган қўшимча пунктлар очилади


Бишкекда бир тоннаси 3000 сом (тахминан 35 доллар) бўлган қўшимча кўмир сотиш пунктлари очилади. Бу ҳақда “Қирғизкўмур” давлат корхонаси хабар берди.

Бундай қарор 16 ноябрдан иш бошлаган биринчи савдо шохобчасидаги улкан навбатлар фонида қабул қилинган.

Ҳозирги вақтда Мурманская кўчаси, 1б/1 манзилида арзон нархда кўмир сотиш пункти ишламоқда. Қайд этилишича, савдога лимит жорий қилинган — бир оила икки тоннадан ортиқ ёқилғи сотиб олмайди. Чеклов яқин кунларда олиб ташланиши мумкин. Шунингдек, компания Бишкекка ҳозирда ҳар бири 25-30 тонна кўмир бўлган 16 та машина жўнатилаётганини маълум қилди.

«Аҳолининг қаттиқ ёқилғига бўлган талаби юқорилигини инобатга олиб, қўшимча кўмир базаларини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда, шундан сўнг фуқаролар узоқ навбатларсиз кўмир сотиб олишлари мумкин. Биз сизга кўмир базаларининг жойлашуви ҳақида қўшимча маълумот берамиз», — дейилади “Қирғизкўмур” давлат корхонаси хабарида.

15 ноябрь куни президент Садир Жапаров 2-ИEС яқинидаги турар-жой массивида аҳоли билан учрашувда Қора-Кече конидан кўмир 3 минг сомдан сотила бошлашини маълум қилди.

Қирғизистонда совуқ ҳаво бошланиши билан кўмир бозори савдо юрди. Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан кўмир 19,7 фоизга қимматлашган. Президент Садир Жапаровнинг айтишича, “Қирғизкўмур” корхонасидаги саботаж туфайли кўмир қазиб олиш жорий йилнинг охирида бошланган.

12 октябрь куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кўмир нархини 90 кунга давлат томонидан тартибга солишни жорий қилди. Бироқ, шунга қарамай, Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ҳафталик кўмир нархининг ошиши ҳақида хабар беради. 4 ноябрь ҳолатига кўра, Қирғизистон Республикасида бир тонна кўмирнинг ўртача нархи 5300 сомни ташкил этган бўлса, республиканинг айрим вилоятларида бир тонна ёқилғи 9 минг сомдан ортиқ сотилмоқда.

XS
SM
MD
LG