Ссылки доступа

Тожикистон Олий суди ҳуқуқ фаоли Иззат Омонга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди


Тожикистон Олий суди тожик муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззат Омоннинг ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Октябрь ойида Душанбе шаҳар суди уни фирибгарликда айблаб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилган, бироқ Иззат Омон ва унинг яқинлари ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилган.

Иззат Омоннинг ўғли Маҳмадюсуф Холовнинг айтишича, Олий суд 16 ноябрь куни отасининг йўқлигида уларнинг шикоятини кассация тартибида кўриб чиққан.

«Судья ҳукмни ўз кучида қолдирди. Адвокатнинг айтишича, Душанбе шаҳар суди унинг ҳимоячисини далилсиз 9 йилга озодликдан маҳрум қилган. Бунга жавобан унга Иззат Омон иши бўйича янги айбловлар бор-йўқлиги тўғрисида Ички ишлар вазирлигидан маълумотнома олиб келиш тавсия қилинди», — деди у.

Янги айбловлар нимани назарда тутгани номаълум. Яқинларининг айтишича, Иззат Омон иши бўйича фирибгарликдан бошқа айбловлар бўлмаган.

19 октябрь куни Душанбе шаҳар суди Иззат Омонни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди, бироқ иш тафсилотлари ва ҳукмнинг ўзи расман ошкор этилмади.

Иззат Омоннинг ўғлининг айтишича, отаси фақат бир даъвогарга етказилган 232 сомоний, қолган суммани улар тўлаган зарарни ундирмагани учун қамоққа ташланган.

Иззат Омон тарафдорлари унинг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айбловлар аслида сиёсий мотивлар ва унинг Тожикистон ҳукуматини танқид қилгани билан боғлиқ, деб ҳисоблайдилар. У Россиядаги муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан ташқари, ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлган ва Тожикистон ҳукуматининг айрим ташаббусларини танқид қилган.

XS
SM
MD
LG