Ссылки доступа

Айрим давлатлар фуқароларининг Ўзбекистондан Беларусга парвози вақтинча чекланди


Ўзбекистон шу йил 17 ноябридан Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон фуқароларининг Беларусга парвоз қилишга вақтинча чеклов жорий қилди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги “Ўзавиация” вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

“Ўзавиация” агентлиги мулозимига кўра, Ўзбекистондан Беларусга ҳаво қатновини амалга ошираётган авиаширкатлар бу мамлакатлар фуқароларига чипта сотишга чеклов киритиши лозим.

Европа Иттифоқи расмийлари ЕИнинг ташқи чегараларига мигрантларни йўналтириш ишига Беларусь расмийлари ва Александр Лукашенконинг яқинлари бевосита алоқадорлигини иддао қилишиб, буни Беларуснинг ЕИга қарши олиб бораётган “гибрид уруш”нинг бир қисми, деб ҳисобламоқдалар. Мигрантлар Минскка давлат туристик ширкати ёрдамига келтириляпти, чегарага эса улар кучишлатар тузилмалар ходимлари ҳамроҳлигида етказилмоқда.

Аввалроқ “Белавиа” авиаширкати Туркия орқали Беларусга келаётган ироқлик, суриялик ва яманлик фуқароларни ташишни бас қилган эди. Ундан бир кун аввал “Турк ҳаво йўллари” ширкати ҳам худди шундай қарор қабул қилган. Ироқ расмийлари Минск билан тўғридан-тўғри авиаалоқани тўхтатиб, Беларуснинг Бағдоддаги фахрий элчиси ишига берилган рухсатномани бекор қилишган.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 8 ноябрь куни Беларусь-Польша чегарасидаги вазият таранглашиши ортидан мигрантларни Минскка етказишга алоқадор бўлган учинчи мамлакатлар авиаширкатларига қарши санкциялар жорий этишга оид масалани кўриб чиқишни ваъда қилган.

ЕИ кенгаши 15 ноябрь куни Беларусь расмийларига қарши янги санкциялар киритиш мезонларини кенгайтирган, бу ЕИ ташқи чегараларидан ноқонуний ўтилишига алоқадор Лукашенко режими фаолиятига кўмаклашувчи ёки уюштирувчи жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чеклов жорий этилишига имкон беради.

XS
SM
MD
LG