Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги ҳақида гапирар экан, собиқ президент Қозоғистон бу жараёнда «муҳим марказ» сифатида ҳаракат қилиш учун катта салоҳиятга эга эканлигини айтди.
«Бундан олдин, жаноб [Ҳамид] Карзай президент бўлганида биз бирга фаол ишлаганмиз, минглаб афғонистонлик талабалар Қозоғистон таълим муассасаларида таҳсил олиб, касб-ҳунар эгаллаб, қайтишган. Биз доимий равишда инсонпарварлик ёрдамини кўрсатдик ва энди ҳам бунга тайёрмиз», — деди Қозоғистоннинг собиқ президенти.
Унинг сўзларига кўра, БМТ Нур-Султоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиш учун Олмаота шаҳрида халқаро логистика маркази яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. У, шунингдек, Қозоғистон делегациясининг ўтган ой «афғон халқи учун беш минг тонна қозоқ унини етказиб берган» Кобулга ташрифини қайд этди.
«Халқаро донорларни Қозоғистондан инсонпарварлик ёрдами ва Афғонистонни қайта тиклашда фаол фойдаланишга чақирмоқчиман», деди собиқ президент. «Шу нуқтаи назардан, Олмаотада БМТнинг Афғонистонни қайта тиклаш бўйича халқаро марказини ташкил этиш ғоямнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Қозоғистон БМТ механизмлари орқали афғон халқини озиқ-овқат билан таъминлаш механизмларини оширишга тайёр, бу ерда Қозоғистонда ташкил этилган KazAID халқаро ривожланиш агентлиги фаол бўлиши керак», — дея қўшимча қилди у.
Октябрь ойи ўрталарида Қозоғистон делегациясининг Кобулга ташрифи чоғида Қозоғистон президентининг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ержан Казихон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами ва «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали аъзолари билан савдо-иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилган эди. Танқидчилар Афғонистонга гуманитар ёрдам сифатида 5000 тонна ун ўтказилишини терроризмни молиялаштириш сифатида кўрилиши кераклигини таъкидладилар. Толибон ҳаракати Қозоғистон суди томонидан террорчи деб тан олинган ва тақиқланган.
Ўтган ой охирида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Нур-Султоннинг радикал исломий ҳаракат билан алоқаларини изоҳлар экан, ҳозир Афғонистоннинг янги маъмурияти билан сиёсий музокаралар ҳақида гап йўқлигини айтди. «Бу айнан афғон халқига ёрдам бериш билан боғлиқ», деди Тлеуберди.