Ссылки доступа

Тожикистон аҳолиси электр энергиясининг узилишидан шикоят қилмоқда


Иллюстративное фото

Тожикистоннинг турли вилоятлари аҳолиси электр таъминотидаги узилишлардан нолиса, «Барки тожик» буни таъмирлаш ишлари билан боғлаб, мамлакатнинг хорижга электр энергияси экспорт қилишда давом этмоқда.

Октябрь ойидан бошлаб Тожикистоннинг турли вилоятларидан келган аҳоли электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилишда давом этмоқда. Охирги бир ой ичида «Озодлик» радиосининг тожик хизмати аҳолининг норозилиги асосида бир қанча материаллар чоп этди. Уларда аҳоли «Барки тожик» томонидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётгани, уйларни иситиш учун муқобил воситалар йўқлиги ва қимматлиги ҳамда электр энергиясининг чекланганлиги натижасида юзага келаётган бошқа тўсиқлардан шикоят қилган.

Айни пайтда, 15 ноябрь куни «Барки тожик» давлат энергетика холдинги Озодлик радиосига ёзма жавоб йўли билан электр энергиясидаги узилишларни таъмирлаш ишлари билан боғлади. Компаниянинг таъкидлашича, бундай ишлар ҳар йили қиш бошида амалга оширилади. Бундан ташқари, уларга кўра, айни пайтда Нурек, Сарбанд ва Қайроқ қум ГЭСларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мустақил экспертлар чекланган таъминот таъмирлаш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигига шубҳа билдирмоқда. «Совет давридан бери ҳар ким ўз жойида таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини олиб боради. Бу одатда сентябрь ойида амалга оширилади. Улар линия ва трансформаторларни текширадилар, керак бўлганда, халақит қилувчи дарахт шохларини кесиб ташлайдилар. Бу максимал икки ҳафта давом этади. Ҳақиқий сабаб сув ва энергетика ресурсларининг этишмаслигидир», — дея тушунтиради душанбелик энергетика бўйича эксперт, хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилишни истаб. Унинг сўзларига кўра, ёзда Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув бериб, етарлича сув йиғишга улгурмаган.

«Бундан ташқари, иқтисодиётга чет эл валютаси оқими керак. Мамлакатда бошқа ҳеч нарса ишлаб чиқарилмайди, шунинг учун электр энергиясини экспорт қилиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда», — дейди суҳбатдошимиз.

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Тожикистон 89,4 миллион долларлик электр энергияси экспорт қилган, бу 2020 йилга нисбатан 36,1 миллион долларга кўпдир.

Тожикистондан электр энергиясини олувчи асосий давлатлар Ўзбекистон ва Афғонистондир. Келишувларга кўра, жорий йилда Тожикистон ҳар икки давлатга 1,5 миллиард киловатт/соат энергия етказиб беришни режалаштирган. Шу билан бирга, Тошкент электр энергиясини бир кВт учун 2 центдан (ички нархда), Кобул эса 3-4,5 центдан сотиб олади.

Тожикистонда охирги марта электр энергияси истеъмоли лимити 5 январь куни жорий қилинган эди. Кейин «Барки тожик» энергетика холдинги лимит фақат қишлоқ жойларига тааллуқли бўлишини маълум қилди. 4 май куни электр энергиясини тўлиқ ҳажмда етказиб бериш қайта тикланди.

2017 йилда Тожикистон ҳукумати электр энергияси билан боғлиқ муаммолар тез орада ўтмишда қолиб кетишини билдирган эди. 2018 йилнинг ноябрь ойида байрамона руҳда президент Раҳмон иштирокида Роғун ГЭСининг биринчи агрегати ишга туширилди.

Қурилиш тугагандан сўнг Роғун ГЭСи Тожикистонда электр энергияси ишлаб чиқаришни икки баробарга кўпайтириб, 3600 МВтга етказиши, бу эса аҳолини арзон энергия билан таъминлаши ва мамлакат минтақада электр энергиясини экспорт қилувчи давлат мақомига эга бўлиши кутилаётган эди.

Тожикистонда ҳокимият электр энергияси ишлаб чиқаришда муаммолар мавжудлигини тан олмайди. Расмий статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Тожикистонда қарийб 15,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга кўпдир.

XS
SM
MD
LG