Ссылки доступа

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили очлик эълон қилганининг 49 кунида ҳушидан кетди


Очлик эълон қилган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили қамоқхона касалхонасида адвокатлар билан учрашганидан кейин ҳушини йўқотди. Бу ҳақда журналистларга унинг адвокати Бека Басилай маълум қилди.

Басилайнинг сўзларига кўра, шундан сўнг сиёсатчини замбилда олиб кетишган. Кейинчалик у собиқ президентнинг аҳволи барқарорлашганини айтди. «Мен тиббий баҳо бера олмайман, лекин унинг аҳволи жуда оғир эди», деди адвокат.

Саакашвили 1 октябрдан бери очлик эълон қилмоқда. Биринчидан, у ўзга нисбатан жиноий таъқиб қилишни тўхтатишларини талаб қилди. Сиёсатчи Грузияга келгач ҳибсга олинган, у ерда икки жиноий иш юзасидан сиртдан ҳукм қилинган. Ҳозир у айбланувчи мамлакатда яна бир суд жараёни бошланди.

Мухолифат сиёсатчининг таъқиб қилиниши соф сиёсий хусусиятга эга эканлигини таъкидламоқда. 10 нафар депутат ва мухолифатдаги «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси етакчиларидан бири Саакашвилини қўллаб-қувватлаб очлик эълон қилмоқда.

Европа Иттифоқининг қатор депутатлари, Латвия ва Украинанинг собиқ президентлари уни озод қилишга чақиришган. Собиқ президентни озод қилиш учун уни афв этиш ҳақидаги фармонни амалдаги давлат раҳбари Саломе Зурабишвили имзолаши керак. У бир неча бор буни қилмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG