Ссылки доступа

Прокуратура ҳукумат танқидчиси Феруза Бабашевани депутатлик даҳлсизлигидан маҳрум қилмоқчи


15 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси туман кенгаши раиси, танқидий чиқишлари билан танилган Феруза Бабашеванинг номаълум эркак билан тўшакда ётгани акс этган кадрлар тарқалди.

Эртаси куни Тошкент вилояти ИИББ 2 октябрь куни бошқарма тезкор ходимлари маҳаллий аҳолидан бирининг аризасига кўра дачалардан бирида текширув ўтказиб, у ерда Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш.(эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, ИИББ видеонинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда, деб хабар қилди "Газета.uz".

Феруза Бабашеванинг айтишича, ўша куни уни уч соат ушлаб туришган (бошқаларни қўйиб юборишган), жим юриши ҳақида тушунтириш ва кафолат хати ёзишга мажбурламоқчи бўлишган. Унинг сўзларига кўра, унинг бармоғи синган. У ўзини қўллаб-қувватлаётган халқдан узр сўраб, ички ишлар органларининг «виждонсиз ва пасткаш» ходимлари ва раҳбарларини жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлади.

Таниқли блогерлар, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари Феруза Бабашевани ҳимоя қилиб чиқди.

Феруза Бабашева ХДП Ўртачирчиқ туман кенгаши раислигига тайинланиб, депутатликка сайлангунига қадар узоқ йиллар халқ ва мактабгача таълим соҳасида меҳнат қилган. Унинг сўзларига кўра, у 12 йил давомида мактаб директори, кейин эса халқ ва мактабгача таълим бўлими мудири лавозимларида ишлаган.

У ўзининг Telegram-каналида ва Facebook саҳифасида тез-тез фуқаролар мурожаатларини эълон қилади, муаммони ўрганиш учун жойларга боради, онлайн-трансляцилар ўтказиб, кўпинча мансабдор шахсларни танқид қилади.

Ўртачирчиқ тумани прокуратурасининг тақдимномасида қайд этилишича, тергов бўлими томонидан «Агробанк» бошқарма бошлиғи Мухитдин Қиёмовнинг аризасига кўра терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Ҳужжатга кўра, Effect.uz сайти «Энг ўғри банк бу — „Агробанк“, эмлашни мажбурий қилиш тўғри эмас — депутат Феруза Жўрабековна» сарлавҳаси остидаги видеони эълон қилди. Унда депутат Феруза Бабашева «Агробанк»ни «энг ўғри банклардан бири» деб атаган, чунки ушбу банк ўқитувчиларнинг таътил пулларини нақдлаштиришда 1 фоиздан устама олиб қолганини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG