Ссылки доступа

Туркия президентига Россия ҳудудлари ва Шинжонни ўз ичига олган турк дунёси харитаси ҳадя қилинди


Миллиятчи ҳаракат партияси (MHP) раҳбари Девлет Баҳчели Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга “турк дунёси” харитасини совға қилди. Мазкур харитага Россия Федерациясига кирган 20 чоғли ҳудуд ҳамда Хитойнинг бир қисми ҳам киритилган. Бу ҳақда Озодликнинг Шимолий Кавказ таҳририяти хабар қилди.

Харитага мувофиқ, Шимолий Кавказ (Чеченистон, Ингушетия, Доғистон, Шимолий Осетия, Қабардин-Болқор Республикаси, Қорачой-Черкес республикаси ва Адигея), Краснодар ўлкаси, Ростов вилоятининг бир қисми, Волгабўйи, Шарқий Сибирь ва Ёқутистон ҳам турк дунёсини тамсил этади.

Унда Марказий Осиё республикаларидан ташқари Европадаги Болқон ҳудуди ҳамда Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон-Уйғур мухтор ўлкаси ҳам акс этган.

Мазкур харита юзасидан Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам, Девлет Баҳчели ҳам изоҳ берган эмас.

Шу йилнинг 11-12 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити ўтказилган, аъзо давлатларнинг президентлари даражасида ўтказилган мазкур анжуманда кенгаш номи Турк давлатлари ташкилоти деб ўзгартирилган эди.

Исми ўзгарган мазкур ташкилотда бугунги кунда Туркия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тўлиқ аъзо, Туркманистон билан Венгрия эса кузатувчи мақомига эга.

Ислом Каримов президентлиги даврида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар йиғинларида қатнашишдан масофаланиб келган.

XS
SM
MD
LG