Ссылки доступа

Ашхобод аҳоли учун озиқ-овқат рационини яна камайтирди


Иллюстративное фото

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва нархлар ошиши билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви фонида ҳукумат аҳолига сотиладиган имтиёзли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини яна қисқартирди.

Пойтахтнинг Кеши кичик тумани ҳудудидаги хусусий уйларда яшовчи аҳоли хонадонда нечта оила рўйхатга олинганидан қатъий назар, эндиликда ҳар бир хонадонга бир рацион озиқ-овқат оладиган бўлди.

Илгари бир хонадонда рўйхатга олинган ҳар бир оилага озиқ-овқат рациони алоҳида ажратилган бўлса, эндиликда Параҳат-7 кичик туманида ўсимлик мойи озиқ-овқат рационидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг туркман хизмати мухбири хабар бермоқда.

Мухбир билан суҳбатлашган маҳаллий аҳолининг айтишича, микрорайонда 100 га яқин хусусий уй бор, лекин уларнинг кўпчилигида уч-тўртта оила рўйхатга олинган.

«Ҳар бир озиқ-овқат рационига бир литр ўсимлик ёғи, 1 кг шакар, иккита товуқ оёғи киради. Бу сафар 15 та тухум қўшилди. Бозорда тухумнинг 1 донаси 3 манатдан сотилган бўлса, бизга 1 манатдан берилди. Озиқ-овқат рациони ҳар ўн кунда чиқарилади. Аммо ҳар бир уйда уч-тўртта оила яшайди ва бу маҳсулотлар уларга икки кун ҳам етмайди», — дейди маҳаллий аҳолидан бири.

Унинг сўзларига кўра, Кеши аҳолиси озиқ-овқат рациони камайтирилганидан жуда норози, бироқ уларнинг маҳаллий ҳокимиятга қилган шикоятлари фойдасиз.

Мухбирнинг хабар беришича, пойтахтнинг Параҳат-7 кичик тумани аҳолиси учун ҳам имтиёзли маҳсулотлар ҳажми қисқартирилган. Давлатга қарашли дўкон сотувчилари аҳолини ойига бир мартагина имтиёзли озиқ-овқат рациони тарқатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Туркманистон ҳукумати ҳар ойда аҳолига чекланган миқдордаги айрим озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли нархларда етказиб беради. Давлат дўконларида ўсимлик мойининг бир литрини 19 манатдан, 1 килограмм шакарни 9 манатдан, икки дона товуқ гўштини 16 манатдан сотиб олиш мумкин. Хусусий савдода бу маҳсулотлар 45, 19 ва 40 манат туради. (манатнинг долларга нисбатан расмий курси 3,5:1).

Туркманистонда сўнгги беш йил ичида давом этган иқтисодий муаммолар пандемия туфайли янада оғирлашди ва мамлакат аҳолисининг катта қисми субсидияланган маҳсулотларга янада қарам бўлиб қолди.

Сўнгги ойларда Туркманистон ҳукумати аҳолига бериладиган имтиёзли озиқ-овқат рациони миқдорини бир неча бор камайтирди.

XS
SM
MD
LG