Ссылки доступа

Қирғизистоннинг уч вилоятида қочқинларни қабул қилиш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда


Қирғизистонда қочқинларни қабул қилиш бўйича махсус машғулотлар бошланди. Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, давлат фуқаро муҳофазаси тизими машғулотлари 3 мингдан ортиқ қочқинларни қабул қилишга мўлжалланган.

Машғулотлар 19-20 ноябрь кунлари Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманининг Жани-Жер, Боткен вилоятидаги Лейлек туманининг Марғун ва Ошдаги Бор-Добо қишлоқларида барпо этилган чодир шаҳарчаларида бўлиб ўтади.

Ўқув машғулотлари давомида қочқинларни кутиб олиш ва кузатиб бориш, шунингдек уларни рўйхатга олиш жараёни кўрсатилади.

Машғулотларда уч вилоят раҳбарлари, вазирликлар, идоралар , Фуқаро муҳофазаси хизматлари вакиллари иштирок этади.

Қирғизистон 1996 йилдан бери БМТнинг Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенциясининг аъзоси ҳисобланади. Август ойида Афғонистон пойтахтини Толибон босиб олиши фонида Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги қочқинлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жипара Мамбетова Озодлик радиосининг қирғиз нашрига берган изоҳида агар Тожикистон ўз чегараларини очадиган тақдирда қочқинлар Қирғизистонга кириши мумкин деди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат 1200 га яқин афғон қирғизларини қабул қила олади.

Афғонистондаги вазият кескинлашганидан бери Қирғизистон расмийлари бир неча баёнотлар билан чиқишган. Мамлакат президенти Садир Жапаров «Афғонистон Ислом Республикасидаги вазиятни доимий равишда диққат билан кузатиб бораётганини» таъкидлади.

Мустақиллик йилларида Қирғизистон 20 мингдан ортиқ кишига қочқин мақомини берган. Уларнинг аксарияти этник қирғизлардир. Шу билан бирга, уларнинг 10 мингга яқини кейинчалик Қирғизистон Республикаси фуқаролигини олган, 9 мингга яқини эса ўз тарихий ватанига қайтган. Қирғизистондан эса атиги 1500 га яқин қочқин учинчи давлатларга кетган.

XS
SM
MD
LG