Вазирлик дизель ёқилғиси ва Аи-80, Аи-92 бензинлари устидан назоратни жорий қилиш ниятида. Нарх чегараси мамлакатда фавқулодда вазият юзага келганда жорий этилади ва 90 кун амал қилади.
Қарор лойиҳасига кўра, нархлар 20 фоизга ошган тақдирда нефть нархини давлат белгилайди. Вазирлик айни дамда бундай ўсиш кузатилмаганини маълум қилди.
Қирғизистон нефть трейдерлари ассоциацияси яқин келажакда АИ-92 бензинининг нархи 7 сомга, дизель ёқилғиси эса 12 сомга қимматлашиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Ассоциацияга кўра, бу жаҳон бозорида нефть нархининг ошиши ва халқаро бозорлардаги дефицит билан боғлиқ.
Бишкекда АИ-92 бензининг нархи 56-57 сомгача ошган бўлса, чекка ҳудудларда бензиннинг ушбу маркаси бундан ҳам қимматлашган. Айрим жойларда ёқилғи қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров 22 ноябрь куни Москвага учиб кетди. У Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашиб, Қирғизистон-Россия ҳамкорлиги, жумладан, энергетика ва ёқилғи соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилади.