Ссылки доступа

МОҚ: Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг бош ассамблеясида иштирок этмоқда


Отабек Умаров (ўнгда) Осиё Олимпия кенгашининг 40-Бош Ассамблеясида (МОҚ фотоси)

Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия кенгашининг 40-Бош Ассамблеясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Дубайдаги тадбирда О. Умаровга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда қўмита раисининг ўринбосари Азизжон Комилов ҳамроҳлик қилишяпти.

Тадбир чоғида Ўзбекистон делегацияси “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича ҳозирланган роликни тақдим этган.

Жорий ой бошида Озодлик Отабек Умаровнинг Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари Олимпия қўмиталари иштирокидаги минтақавий форумда кўриниш бергани ҳақида хабар қилган эди.

Отабек Умаров шу йил февралида Тошкентда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида жароҳатлангани, у муолажа учун аввал Москвага, кейин эса Жанубий Кореяга олиб кетилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Ундан аввал О. Умаровнинг Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловида Ш. Мирзиёев оила аъзолари билан бирга овоз бериш жараёнида иштирок этгани кузатилган.

Автоҳалокат олдидан Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган Отабек Умаровнинг ҳалигача мазкур лавозимда ишлаётгани ёки ишламаётгани расман очиқланган эмас. Аммо Дубайдаги тадбирда иштироки унинг ҳалигача ООК вице-президенти ўлароқ ўз фаолиятини давом эттираётганини англатади.

XS
SM
MD
LG