Ссылки доступа

1 декабрдан Қирғизистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар сони ортади


Бу ҳақда Москвада амалий ташриф билан бўлган Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров ва Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, музокаралар чоғида бош вазирлар «савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ёқилғи-энергетика соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг асосий масалаларини» муҳокама қилган.

Шу билан бирга, томонлар Қирғизистон бир нечта ҳудудларида аввалроқ давлат раҳбарлари ўртасида келишувга эришилган таълим муассасаларини қуриш лойиҳасини тезроқ амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари солиқ ва божхона тизимларини рақамлаштириш, жумладан, унинг тартиб-таомилларини фискаллаштириш масалаларини муҳокама қилиб, Қирғизистонда замонавий маълумотлар марказини яратиш зарурлигини таъкидладилар.

Ўз навбатида, Михаил Мишустин Россия томони «икки томонлама ҳамкорликни янги, юқори даражага олиб чиқиш, уни истиқболли қўшма лойиҳалар билан тўлдиришдан» манфаатдор эканини таъкидлади.

Аввалроқ «Озодлик» манбалари музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Қирғизистонга ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш масаласи бўлишини хабар қилган эди.

Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил октябрь ойидан бошлаб АИ-95 ва АИ-92 бензини 25-27 сомга, дизель ёқилғиси эса 32-33 сомдан 54 сомга қимматлашган. Бугунги кунда Қирғизистон нефть маҳсулотларининг 95 фоизини Россиядан импорт қилади.

XS
SM
MD
LG