Ссылки доступа

Лукашенко Евроиттифоққа 2 минг қочқин учун Германияга гуманитар йўлак очишни таклиф қилди


Александр Лукашенко

Беларусь президенти Александр Лукашенко Европа Иттифоқига чегарада тўпланган икки минг нафар қочқин учун Германияга гуманитар йўлак очиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Лукашенко Германия канцлери вазифасини бажарувчи Ангела Меркел билан телефон орқали суҳбати давомида ана шундай таклифни илгари сурган.

«Биз имкон борича қолган 5 минг нафар мигрантни ватанига қайтариш учун ҳамкорлик қилиш мажбуриятини зиммамизга оламиз. Ангела Меркел келишувга кўра, ЕИ билан жумладан, Германияга гуманитар йўлак очиш бўйича музокаралар олиб боради. Афсуски, 400га яқин қочқин ватанига қайтишга рози бўлди. Аниқроғи, бугунги самолётда 374 йўловчи, асосан Ироқ фуқаролари учиб кетди. Қолганлари эса ғарбий Европага, биринчи навбатда Германияга гуманитар йўлак очишни талаб қилмоқда», — деди Эйсмонт.

Унинг таъкидлашича, ЕИ ҳозирча берган бирорта ваъдасини бажармаган.

Минск Беларусь ҳудудида 7 мингга яқин қочқин борлигини маълум қилганди.

Яқин Шарқ мамлакатларидан келган қочқинлар Беларусь-Польша чегарасига тўпланган ва ЕИ ҳудудига ўтишга уринмоқда.

XS
SM
MD
LG