Ссылки доступа

Данғарада савдогарлар Имомали Раҳмоннинг укаси оиласига қарашли бозорга кўчишга мажбур бўлмоқда


Рынок "Киёнуш"
Рынок "Киёнуш"

Данғара ҳокимлиги марказий вилоят бозори ва кўчадаги сотувчиларни янги “Қаёнуш” бозорига кўчишни талаб қилмоқда. Ўнлаб савдогарлар маҳаллий ҳокимият босими остида вилоят марказидан уч километр узоқликда жойлашган янги бозорга кўчишга мажбур бўлишганини айтди.

“Қаёнуш” бозори, тадбиркорларга кўра, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг укаси Нуриддин Раҳмоннинг оила аъзоларига тегишли. Эслатиб ўтамиз, Нуриддин Раҳмоннинг ўзи 2017 йилнинг кузида 67 ёшида вафот этган эди.

“Қаёнуш” бозоридаги камида беш нафар гўшт сотувчиси «Озоди» радиосига берган интервьюсида харидор йўқлиги ва ижара ҳақининг юқорилигидан шикоят қилди.

Исмини сир тутишни маъқул кўрган қассоблардан бири марказий вилоят бозорида ижара ҳақи 500 сомоний экани, «Қаёнуш» маъмурияти эса шохобчани ижараси учун 1130 сомоний (100 доллар) талаб қилаётганини айтди.

«Милиция ходимлари туман ҳокимининг буйруғига кўра бизни таҳдидлар билан шу бозорга кўчишга мажбур қилишди», — деди суҳбатдошимиз.

Янги бозорга чиқиш учун вилоят маркази аҳолиси камида 10 сомоний сарфлаши керак бўлади. Бундан ташқари, уларнинг фикрича, «Қаёнуш» бозоридаги нархлар қиммат.

«Тожикматлубот» маҳаллий бўлими раиси Раҳмон Шамсзода 23 ноябрь куни «Озоди» радиосига берган интервьюсида туман раисининг буйруғи билан марказий бозорнинг айрим савдогарлари янги бозорга олиб кетилганини тасдиқлади. «Марказий бозор майдони кичик, «Қаёнуш» эса замонавий кенг бозор. Аҳолининг янги бозорга боришини осонлаштириш учун биз жамоат транспортининг сўнгги бекатини кўчирдик», — деди расмий.

Данғара вилояти ҳокими маъмурияти раҳбари Шерали Собирзоданинг айтишича, янги бозорга кўчишдан мақсад кўча савдосини тартибга солиш, тадбиркорлар учун қулай иш шароитларини яратишдан иборат.

Кўча сотувчилари, шунингдек, «Кўлоб-Душанбе» ва «Кўлоб-Бохтар» автомобиль йўллари бўйлаб мижозларга хизмат кўрсатган тадбиркорлар 24 ноябрдан бошлаб фақат «Қаёнуш» бозорида савдо қилишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Маҳаллий тадбиркорлар «Қаёнуш» бозори президент Имомали Раҳмоннинг яқин қариндошларига қарашли эканини иддао қилмоқда. Расмий ҳужжатларда бозор эгасининг исми тилга олинмаган, бироқ маҳаллий амалдорлардан бири анонимлик шарти билан бозор Тожикистон раҳбарининг укаси Нуриддин Раҳмон оиласига мансуб эканини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Нуриддин Раҳмон бу бозорни ўлимидан сал аввал қурган.

XS
SM
MD
LG