Ссылки доступа

Полиция Хитойнинг Олмаотадаги консуллиги олдида очиқ акция ўтказганларни қўлга олди


Полиция зобитлари Олмаотадаги Хитой консуллигига Шинжондаги қариндошларини қамоқхоналар ва «қайта тарбиялаш лагерлари»дан озод этиш талаби билан келган бир неча кишини ҳибсга олди.

Бу ҳақда Озодлик билан суҳбатда фаол Байболат Кунболатули маълум қилди.

«Хитой консуллигига келган Гауҳар Қурманалиева, Холида Акитхон ва Нурзат Эрмекбай дарҳол полиция томонидан қўлга олиниб, Медеу тумани ҳокимлигига олиб кетилди», — деди Байболат Кунболатули.

Унинг сўзларига кўра, февраль ойидан бери давом этаётган пикет иштирокчилари агар яна жаримага тортилса, «очлик эълон қилишлари»ни ҳамда ички ишлар бўлимини тарк этишдан бош тортишларини айтишган.

Аввалроқ намойишчилар «тинч йиғинлар ўтказиш тартибини бузганлик»да айбланиб, бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган, баъзилари ҳибсга олинган, кўплари жаримага тортилган. Кунболатулининг сўзларига кўра, жарималарнинг умумий миқдори тўрт миллион тенгега (тўққиз минг долларга яқин) етади.

Намойишларнинг бутун даври давомида Хитойнинг бирорта дипломатик ваколатхонаси намойишчилар олдига чиқмаган. Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо март ойида Шинжонда қўлга олинганлар «Хитой фуқаролари» эканлигини ва уларнинг «Хитой қонунларини бузганини» айтди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Шинжондаги вазиятни «Хитойнинг ички иши» деб атади. Пекин эса Нур-Султоннинг йирик инвесторлари ва кредиторларидан бири ҳисобланди.

Халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари Пекинни Шинжонда яшовчи уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмонларга қарши геноцид уюштиришда, маҳаллий халқлар вакилларини «қайта тарбиялаш лагерларига» мажбуран жўнатишда айблайди. Пекин барча айбловларни инкор этиб, таъқибларни «экстремизм ва терроризмга қарши кураш», ёпиқ муассасалар тармоғини эса хитой тилини ўрганадиган «касб-ҳунар ўргатиш марказлари» деб атайди.

XS
SM
MD
LG