Ссылки доступа

Қирғизистон Қозоғистон билан кўмир етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олди


Қирғизистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Монополияга қарши тартибга солиш давлат агентлиги Қозоғистоннинг Шабиркўл конидан кўмир етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича келишув имзолади.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, яқин кунларда 247 та кўмир вагонлари келади. Импорт қилувчиларга қаттиқ ёқилғининг бир тоннасини 4600 сомдан ошмайдиган нархда сотиш мажбурияти юклатилади.

Қайд этилишича, Шабиркўл карьеридан олинадиган кўмир Бишкекдаги базаларда, шунингдек, Чуй вилоятининг Шопоков, Қайнди, Тўқмоқ ва Кант шаҳарларида сотилади.

Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, кўмир ўтган йилга нисбатан қарийб 20 фоизга қимматлашган.

12 октябрь куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кўмир нархини 90 кунга давлат томонидан тартибга солишни жорий қилди. Бироқ шунга қарамай, ёқилғи нархи ўсишда давом этмоқда. Ноябрь ойида ёқилғининг нархи яна 10,1 фоизга ошгани хабар қилинган эди. Кўмирнинг ўртача таннархи эса 18 ноябрь ҳолатига кўра тоннаси 5706 сомни ташкил қилди.

16 ноябрь куни Президент Садир Жапаровнинг аралашувидан сўнг пойтахтда тоннаси 3000 сомлик кўмир сотиш пунктлари ишлай бошлади. Бироқ, улар катта навбатларга олиб келди ва ҳар бир мижозга икки тоннадан кўп бўлмаган миқдорда берилди.

XS
SM
MD
LG