Ссылки доступа

Ички қатновлар учун янги авиаширкат ташкил этилди, унинг Uzbekistan Airways'га рақиб бўлмаслиги иддао қилинди


Ўзбекистонда мамлакат ичида йўловчи ташишни мақсад қилган Silk Avia авиаширкати ташкил этилди. Парвозларни келгуси йилдан бошлашни режалаган янги авиаширкат Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Uzbekistan Airports АЖ томонидан ташкил этилган.

Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Рано Жўраева жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган Silk Avia арзон нархларда ички авиаташувларни таъминлаш мақсадида тузилганини қайд этган.

“Яқин вақтгача Ўзбекистон шаҳарларини боғлайдиган тўғридан-тўғри қатновларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз - ички ташувларни нафақат “point to hub” (пойтахтдан ҳудудларга), балки “point to point” (минтақалар орасида) модели асосида ҳам ташкил этишдир. Қирққа яқин йўналиш ва 70 кишига қадар йўловчи ташиш қувватига эга минтақавий самолётларни сотиб олиш режалаштирилган. Тарифлар темир йўл тарифларига мувофиқлаштирилади. Бу ички туризмни ривожлантиришга ва истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний қийматига ижобий таъсир кўрсатади”, деган Р. Жўраева.

Қайд этилишича, мазкур авиаширкат келажакда хусусий секторга сотилиши режаланган.

Uzbekistan Airports вакиллари янги авиаширкат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига рақиб бўлмай, балки “ички ташувларни ташкил этиш бўйича ҳамкор сифатида” фаолият юритишини иддао қилишган.

XS
SM
MD
LG