Ссылки доступа

Толибон Афғонистонда каннабисни қайта ишлаш корхонасини очмоқчи


Толибон ҳукумати Афғонистонда тиббий мақсадларда фойдаланиш учун каннабисни қайта ишлаш корхонаси қуриш бўйича Австралиянинг CРharm ширкати билан битим имзолаганини очиқлади.

Муваққат ҳукуматнинг ИИВ тизимида гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш масалалари бўйича масъул мулозим Қори Саид Хустий австралияликлар лойиҳага 450 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишини билдирган. Унга кўра, корхонада Афғонистондаги минглаб деҳқонлардан сотиб олинажак наша ўсимлиги – каннабисдан тиббий препаратлар ва кремлар тайёрланади.

Бироқ Reuters ахборот агентлиги CРharm ширкати толиблар ва гиёҳванд моддалар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, бунақа маълумотни Толибонда қаёқдан олганидан бехабарлигини билдириб, пресс-релиз чиқаргани ҳақида хабар қилган.

Каннабис аввалги ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг асосий даромад манбаларидан бири эди.

Сўнгги ўн йилдан бери Афғонистон дунёда энг йирик гиёҳванд моддалар етиштирувчиси бўлиб турибди. 2002 йилдан буён мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш фақат ўсиб бормоқда. БМТ ихтисослашган қўмитасининг янги ҳисоботига кўра, 2021 йилда Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш 8 фоизга ортиб, 6800 тоннани ташкил этган.

Шу билан бирга, Афғонистон каннабис етиштиришда ҳам пешқадам мамлакатлардан бири бўлиб, нашадан олинадиган ушбу гиёҳванд моддани ҳар йили халқаро қора бозорга 1,5 дан 3,5 минг тоннагача миқдорда етказиб беради.

XS
SM
MD
LG