Ссылки доступа

Туркманистон болалар боғчаларида рус тилидаги мультфильмлар тақиқланди


Один из детских садов в Туркменистане. Иллюстративное фото.
Один из детских садов в Туркменистане. Иллюстративное фото.

Туркманистондаги айрим боғчаларда болаларга рус тилида мультфильмлар кўрсатиш тақиқланди.

Лебап вилоятининг Фарап этрапидаги 1-сонли болалар боғчаси, шунингдек, Дянев ва Дарганат этрапидаги иккита боғчада бир қанча ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Бунга уларнинг болаларга рус тилидаги мультфильмларни кўрсатишгани сабаб бўлган.

Исми сир қолишини сўраган таълим ходимининг айтишича, яқинда ашхободлик инспекторлар вилоятдаги таълим муассасаларида текширув ўтказган.

«Инспекторлар ўқитувчиларни болаларга рус тилида мультфильмлар кўрсатганликда айблаб, ишдан ҳайдашди. Раҳбарлар эса қаттиқ танбеҳ олишди ”, дейди суҳбатдош.

Унинг қўшимча қилишича, ашхободлик инспекторлар бундан буён «боғча болаларига фақат туркман тилидаги мультфильмлари кўрсатиши мумкин», деб огоҳлантирган.

Ашхободлик инспекторлар айрим мактаб ўқувчиларида чет эл фильмлари қаҳрамонлари тасвирланган дафтар ва альбомлар борлигини кўриб, уларни ўзгартиришни талаб қилишган. «Муқовасида «дафтар» сўзи русча ёзилган бўлса ҳам, ундан фойдаланиш тақиқланади», дейди таълим мусассаси ходими.

Туркманистонда айни дамда вокзал ва аэропортларда, шунингдек, автомобиллар ичидаги рус тилидаги эълон ва йўриқномалар олиб ташланмоқда.

Аммо Лебап аҳолисининг сўзларига кўра, рус тилидан фойдаланиш чекловларига қарамай, рус тилидаги фильмлар ва мультфильмлар аҳоли орасида жуда машҳур.

Туркманистон таълим муассасаларида рус тилига нисбатан тақиқ ва чекловлар аввалроқ киритилган эди. 2020 йил сентябрь ойида Туркманистон бўйлаб ўрта мактабларда рус тилида ўқитиладиган синфларнинг аксарияти ёпилди.

XS
SM
MD
LG