Ссылки доступа

Хоруғда ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етди. Ўндан ортиқ киши жароҳат олган


Хоруғдаги тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етди. Озоди радиоси манбаларига кўра, Тожикистон хавфсизлик кучларининг беш нафар ходими яраланган.

26 ноябрь куни эрталаб Хоруғ ва унинг атрофидаги туманларнинг ўнлаб аҳолиси Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурияти биноси яқинида норозилик акциясини давом эттирди. Намойишчилар тунни шаҳар ҳокимияти ёнидаги майдонда ўтказди. Улар 29 ёшли Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилишида айбдорларнинг ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишини талаб қилишда давом этмоқда. Куни кеча намойишчилар марҳумнинг жасадини вилоят ҳокимлиги биноси олдига олиб келишган эди.

ТБМВ раҳбарлари ва намойишчилар ўртасида музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Кеча вилоят ҳокимлиги биноси олдида намойишчилар билан Тожикистон хавфсизлик идоралари ходимлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди, натижада бир неча киши жароҳатланган. Озоди радиоси манбаларига кўра, ярадорлардан икки нафари вилоят касалхонасида вафот этган.

26 ноябрь куни эрталаб Гулназар Муродбеков Гулбиддин Зиёбековни қўлга олиш бўйича ўтказилган операция вақтида ўқдан тан жароҳати олди ва вафот этди. Хоруғдаги воқеалар пайтида ҳалок бўлган учинчи шахс Тўтишо Амиршоев исмли фуқаро эканлиги айтилмоқда.

Вилоят маъмурий марказидаги тартибсизликларда маҳаллий давлат хавфсизлик бошқармасининг уч нафар ходими, бир полициячи ва бир прокуратура ходими оғир тан жароҳати олди, дейилади вилоят ИИББнинг 25 ноябрь оқшомида ўқилган баёнотида. Расмийлаш Тв орқали қилган баёнита маҳаллий аҳолини «ноқонуний ҳаракатлардан тийилишга» чақирди.

ТБАВ прокуратураси баёнотида айтилишича, Гулбиддин Зиёбеков уюшган жиноий гуруҳ шериклари билан 2020 йил 1 февраль куни Роштқалъа вилояти прокурори ёрдамчиси А.Абирзодани гаровга олиб, Анджим қишлоқларида калтаклаб, қийноққа солган.

Ўз навбатида, Роштқалъа вилояти аҳолисидан бирининг Озоди радиосига айтишича, Зиёбеков фақат прокуратура ходимини калтаклаган. Бунга прокурор ёрдамчисининг маҳаллий фуқарога у билан яқин муносабатларга киришиш таклифи сабаб бўлган. Интернетда бир гуруҳ маҳаллий ёшлар прокурор ёрдамчисини сўроқ қилаётгани акс этган видео тарқалди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Хоруғда интернет хизмати блокланган.

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг ўнлаб аҳолиси 25 ноябрь оқшомида Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида ҳам тўпланиб, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг 29 ёшли фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган махсус операциясига норозилик билдиришди. Расмийларнинг билдиришича, Зиёбеков қаршилик кўрсатган ва хавфсизлик кучларининг жавоб ўқлари натижасида яраланган.

Хабар қилинишича, Москва полицияси элчихонага киришни тўсиб, атрофдаги кўчаларда хавфсизликни кучайтиришга мажбур бўлган. Ҳозирча қўлга олинганлар ҳақида маълумот йўқ.

Намойишчилардан бири Ораз Вазирбековнинг Озоди радиосига айтишича, улар тожик дипломатларидан аниқ жавоб олмаган ва шу боис Москвадаги дипломатик миссия олдидаги норозилик намойишини давом эттиради.

«Тожикистон элчиси билан деярли икки соат суҳбатлашдик. Хоруғ шаҳрида икки нафар маҳаллий аҳолининг ўлимига сабабчи бўлганларни топиб, жавобгарликка тортиш, шаҳардаги барча назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлаш ва вилоят билан мобил алоқани тиклашни талаб қилдик. Биз элчига агар бу талаблар бажарилмаса, Москвадаги норозилик акцияси давом этишини айтдик», деди Вазирбеков.

Намойишчилар Амидхон Гулзорхонов, Амриддин Аловатшоев, Ораз Вазирбеков ва Мамадеор Мамадеровлар Тожикистоннинг Москвадаги элчиси Давлатшо Гулмаҳмадзода билан учрашувда иштирок этди. Улар 26 ноябрь куни ўз талабларини Тожикистон элчихонасига ёзма равишда юборишларини айтишган.

XS
SM
MD
LG