Ссылки доступа

Мирзиёев: Афғон халқи яқин қўшнилар ёрдамисиз қийин синовлардан ўта олмайди


Туркманистоннинг Ашҳобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик саммитида сўз олган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди.

“Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда. Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Толибон Афғонистони билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

"Афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келиши ортидан уни қўллаб чиққан.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.

Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош Марказий Осиёнинг уч давлатидан бири бўлади.

Мирзиёев Ашҳободдаги саммит теграсида Покистон ва Тожикистон раҳбарлари билан ҳам икки томонлама музокара ўтказган.

Афғонистон айни вақтда гуманитар инқироз ёқасида турибди. Жорий йил охиригача ушбу давлатда 1 миллион бола очликдан ўлиши таҳмин қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG