Ссылки доступа

АҚШ Тожикистон чегара қўшинларига 18 та J8 жипини топширди


АҚШ элчихонаси Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинларига мамлакат чегара хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 18 та J8 русумли жипини топширди, деб хабар беради Америка дипломатик миссияси сайтида.

Қиймати 1,3 миллион доллардан ортиқ йўлтанламас автомобилларни топшириш маросимида АҚШ элчиси Жон Марк Поммершейм ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қўмондони генерал-полковник Ражабали Раҳмонали иштирок этди. Маросимда таъкидланишича, ушбу автомашиналар тожик чегарадош ҳудудларидаги мураккаб географик шароитда турли операцияларни ўтказишда ёрдам беради.

Элчи Марк Поммершеймнинг таъкидлашича, «бу ёрдам Қўшма Штатлар Тожикистонга давлат чегарасини қўриқлашда кўрсатаётган техник ёрдамнинг бир мисолидир, холос. «Биз Тожикистондан чегара хавфсизлиги соҳасида яқин ҳамкорлик учун миннатдормиз ва эришган ютуқларимиз билан фахрланамиз. Биз терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ва оммавий қирғин қуролларига қарши курашда ҳамкор бўлиб қоламиз. Ўзаро муносабатларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида биз келгуси йилда Тожикистон хавфсизлик соҳасига қарийб 60 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқдамиз», — деди АҚШнинг Тожикистондаги дипломатик миссияси раҳбари.

1992 йилдан бери Қўшма Штатлар Тожикистон хавфсизлик секторига 330 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган. Ушбу ёрдам доирасида Тожикистон ҳарбийларига умумий қиймати 11,9 миллион АҚШ доллари бўлган 378 та автомашина топширилди. АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси баёнотида айтилишича, бугунга қадар ўн учта чегара пости, тўққизта назорат-ўтказиш пункти, иккита чегара отряди ва учта чегара ўқув маркази қурилди ёки қайта тикланди.

XS
SM
MD
LG