Ссылки доступа

Тошкентда катта даромад ваъдаси билан молиявий пирамида ташкил қилганлар қўлга олинди


Ўзбекистон пойтахтида 260 фоизгача фойда кўриш ваъдаси билан мижозларни алдаб, молиявий пирамида ташкил этган шахслар ушланди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, ўтган йилнинг 15 январь куни украиналик 29 ёшли М.М. Тошкент шаҳрида “Golden Cash store” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасини таъсис қилиб, бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда фуқаролар орасида ва интернет тармоғи орқали ушбу корхонадан тилла ва кумуш буюмларни сотиб олиш йўли билан йиллик 260 фоизгача даромад бериб бориш билан қизиқтириб, мижозлардан пул олган.

“Golden Cash store”га алоқадор шахслар мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан ёпишга уринганлар.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жорий йилнинг 17 ноябрь куни мазкур корхона мансабдор ходимига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 1881-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқамол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатган.

Иш доирасида чет эл фуқаролари М.М., В.К., С.Т., А.С. ва Х.Ш.ларга қарши айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов департаменти айни пайтда жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилаётганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG