Ссылки доступа

Олмаотада аҳоли яна кредитларни ҳисобдан чиқаришни талаб қилди


30 ноябрь куни Олмаотадаги Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги биносига 60 га яқин одам келиб, кредит амнистиясини талаб қилди. Улар худди шундай талаб билан 29 ноябрь ва икки ҳафта олдин, 15 ноябрда ҳам келишган.

Йиғилганларнинг кўпчилиги даромадларининг пасайиб кетгани сабаб ипотека ва истеъмол кредитлари бўйича қарзларини тўлай олмаслигини айтишди. Айрим аёллар кўп болали оналар эканликларини, яна бошқалари эса фарзандларини ёлғиз тарбиялаётганини айтишди. Агентликка келганлар орасида Демократик партияни ташкил этиш ташаббускор гуруҳи фаоллари ҳам бор.

Йиғилганларнинг сўзларига кўра, 15 ноябрь куни уларнинг олдига Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигининг Молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти директори Александр Терентев чиқиб, агентлик аризаларни кўриб чиқишга тайёрлигини айтган

— Кеча келганимизда банклар билан келишишга улгурмадик, кредитлари ҳисобдан чиқарилганлар рўйхатини эълон қилишга ваъда беришди. Бугун эса [Терентевнинг] ўзи йўқ, камига полиция туриб олган. Терентев билан гаплашишимиз керак, — деди агентликка келганлардан бири.

Терентев икки ҳафта олдин қарз олувчиларга «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддасига мувофиқ банк кредити шартномаси шартларига, шу жумладан асосий қарзни тўлаш муддатини кечиктириш билан боғлиқ бўлган шартларга ўзгартиришлар киритиш имконияти мавжудлигини айтди.

Мамлакат тарихидаги ягона кредит амнистияси 2019 йилда амалга оширилган. Ҳукумат 1,1 миллион қарз олувчининг умумий қиймати 33 миллиард 620 миллион тенгедан ортиқ таъминланмаган истеъмол кредитлари бўйича пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилишини эълон қилди.

Пандемия ва мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашаётган бир шароитда кредит амнистияси талаблари кўпайди. 2020 йил кузида депутатлар ҳукуматга худди шундай таклиф юборган эди. Бироқ бош вазир Асқар Мамин бу таклифни маъқулламади ва бу банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва банкларнинг омонатчилар олдидаги мажбуриятларини бажариш қобилиятига таҳдид солаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG