Ссылки доступа

Олмаота маъмурияти 2022 йил 8 март куни ўтказилиши режалаштирилган аёллар маршини тақиқлади


Олмаота маъмурияти 2022 йилнинг 8 мартида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўтказиладиган марш ва митингни маъқулламади, бу ҳақда билдиришнома фем-фаоллар томонидан тақдим этилган. Маълумот аввалига ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, кейинроқ буни акция ташкилотчилари ҳам тасдиқлашди.

«Ҳокимликнинг маълум қилишича, 2022 йил 8 март куни Ч.Валихонов майдони ва бутун Шевченко кўчаси бўйлаб соат 9.00 дан 20.00 гача ҳокимлик томонидан режалаштирилган бошқа «маданий-кўнгилочар тадбирлар» бўлиб ўтади», — дейилади ташкилотчилар баёнотида.

«Учрашувда ташкилотчиларга эпидемик вазият муносабати билан ўз режаларини қайта кўриб чиқиш қатъий тавсия этилди, шунингдек, декабрь ойидаёқ Олмаотадаги кортежлар йўналиши Маслиҳат томонидан тасдиқлангани ҳақида маълум қилинди», — дея таъкидлади ташкилотчилар.

Уларга кўра, расмийлар марш ўтказиш учун берилган аризани қайтариб олишни сўрашган. Ташкилотчилар аризани қайтариб олмаганликларини, аксинча, жорий йилнинг 12 декабрида аёллар ҳуқуқлари учун митинг ўтказиш ҳақида билдиришнома топширганликларини айтишмоқда.

«Ҳокимият тадбирлари учун кўча ва майдонларимизни биздан тортиб ололмайди. Ҳокимиятнинг ихтиёрида бутун бир шаҳар бор. Тинч йиғинлар фуқаролар йиғинлари бўлиб, ҳокимият томонидан ўтказиладиган маданий тадбирлар эмас. Биз 8 март куни марш ва митинг ўтказиш ҳуқуқимиз учун курашиш ниятидамиз», — дейди марш ташкилотчилари.

Озодликнинг қозоқ хизмати ҳокимлик вакиллари билан боғлана олмади.

Бу йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунида юзлаб аёллар гендер тенглиги учун юриш қилди. Февраль ойида Олмаота маъмурияти «КазФем», “Феминита”, “Фемагора” ва “Фемсреда” феминистик гуруҳлари ҳамда “Свет” жамоат фонди учун «Ҳар бир аёл муҳим» ва «Феминизм қутқаради» шиорлари остида аёллар марши ва митингини ўтказишни маъқуллагани маълум бўлди.

Озодликнинг суратга олиш гуруҳи фаолларга маршга тайёргарлик кўрилган пайтдан бошлаб ҳамроҳлик қилди. Маршдан сўнг Озодлик радиоси Қозоғистонда фем-фаоллиги қандай пайдо бўлганлиги ва бу нафақат аёллар учун муҳимлиги ҳақида фильм суратга олди.

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Олмаотада бўлиб ўтган гендер тенглиги учун марш ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментини ларзага солди.

Аёл фаолларининг айтишича, Қозоғистонда аёллар ҳуқуқлари ва уларнинг митинг ва юришлар орқали ифодаланиши билан боғлиқ вазият хавотирлилигича қолмоқда. Жорий йилнинг май ойи охирида Чимкентда Феминита гуруҳи ҳаммуассислари Гулзада Сержан ва Жанар Секербаевалар ҳужумга учраганидан сўнг ҳибсга олинган. Улар шаҳар аҳолиси билан лесбиянлар, бисексуаллар ва трансгендерлар ҳуқуқлари бўйича учрашув ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG