Бу мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.
Махсус комиссия қарорига мувофиқ, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан республикага киришдан камида 72 соат олдин коронавирус инфекциясига топширилган ПЗР-тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотномага эга бўлиш, бундай маълумотномага эга бўлмаганлар эса аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириш талаб қилинади.
Қарор билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакат ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилиши белгиланган.
Шунингдек, махсус комиссия 2021 йил 3 декабридан 2022 йил 10 январига қадар Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновларни (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатишга қарор қилган.
Қарорга мувофиқ, мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.
Республика махсус комиссияси “аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида” ўзбекистонликларга янги 2022 йил байрами тадбирларини имкон қадар оила даврасида ўтказишни тавсия қилган.