Ссылки доступа

Беларусда журналист ва ҳуқуқ фаолларининг уйларида тинтув ўтказилмоқда


Беларусда 1 декабрь куни эрталабдан ҳуқуқбонлар, фаоллар ва журналистларнинг уйларида тинтув ўтказилмоқда. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилишича, тинтувлар Минск, Гомель, Гродно, Брест, Витебск, Кричев, Речица, Мозирь ва бошқа ҳудудларда олиб бориляпти.

Хусусан, Мозирда ҳуқуқбон Владимир Телегиннинг квартираси тинтилиб, унинг шахсий компьютери, китоблари ва бошқа буюмлари олиб қўйилган.

Витебскда жамоатчилик фаоллари Владимир Кийко ва Николай Кочурецнинг уйларида тинтув ўтказилган. Кричевда журналист Сергей Неровний “номаълум жиноят иши доирасида” сўроққа чақирилган. Шунингдек, Могилёв вилояти Молиявий тергов департаменти (МТД) журналист Валерия Лепешовани ушлаган.

Гомелда журналист Лариса Ширакова уйида тинтув ўтказилиб, унинг ўзи сўроққа олиб кетилган. Журналистнинг шахсий телефони, компьютери, флешка ва қаттиқ дисклари олиб қўйилган. Сўроқ чоғида у МТД ходимининг саволларига жавоб беришдан бош тортган. Шираковани иш материалларини ошкор қилмаслик ҳақида огоҳлантириб, қўйиб юборганлар.

Гомелда Бирлашган фуқаролик партияси фаоли Василий Поляковнинг уйида ҳам тинтув ўтказилган.

Гроднода Беларусь ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий журналист Надежда Витинанинг уйида тинтув ўтказгани айтилмоқда. Журналист “шахсий ёзишмалари билан боғлиқ қандайдир иш бўйича” гувоҳ сифатида сўроққа тутилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбонларга кўра, Минскда камида 10 кишининг уйида тинтув бўляпти. Ушбу кенг кўламли тинтувлар сабаби ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG