Ссылки доступа

Тожикистонлик ўқитувчи “ўғирланган”и ортидан тожик-қирғиз чегарасида ўқ отилди


Қирғизистондаги қишлоқ аҳли Тожикистонга қарашли Сомониён қишлоғи (Исфара тумани) мактаби ўқитувчисини ўғирлаш ва шафқатсизларча калтаклаганликда гумонланмоқда. Мазкур воқеа чегарада ўқ отилишига сабаб бўлган.

Сомониёндаги 64-сонли ўрта мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 1 декабрь куни эрталаб соат 10 ларда олиб қочилган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати. Мактаб директори Набихон Набиевга кўра, қирғизистонликлар Собировни куч билан машинага ўтқизиб, номаълум томонга олиб кетганлар.

“Завуч”имизни оқшомгача ушлаб туришди, уни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари озод қилди”, деган Набиев.

Тожик ва қирғиз расмийлари воқеа юзасидан изоҳ беришганича йўқ.

Камолиддин Собировнинг ўғли Нишонбой Озодлик билан суҳбатда отаси шафқатсизларча калтаклангани ва қийноққа солинганини, ҳозирда касалхонада даволанаётганини айтган.

Қирғизистон Чегара хизмати 1 декабрь куни тахминан соат 21:15 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Боткен туманидаги Даҳма деган жойда – шартли давлат чегара чизиғи яқинида Тожикистон томондан номаълум шахслар, муҳтамалан ов милтиғидан етти-саккиз марта ўқ узишганини билдирган.

“Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида воқеа жойига Қирғизистон ва Тожикистон чегара заставалари бошлиқлари етиб бориб, ўқ отилишига алоқадор шахсларни қидириб топиш чора-тадбирларини кўришга келишиб олишди”, дейилган хабарномада.

Чегара хизмати давлат чегарасининг ушбу қисмидаги вазиятни “барқарор, аммо таранглик белгилари мавжуд” дея таърифлаган.

Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида тожик қишлоғи ўқитувчисининг ўғирланиши ва калтакланиши ҳақида ҳеч нима дейилган эмас.

XS
SM
MD
LG