Ссылки доступа

Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Толибонга БМТда жой берилмаслик қарорини олқишлади (видео)


Посол Афганистане в Душанбе приветствовал решение о непредоставлении «Талибан» места в ООН
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:01:31 0:00

Посол Афганистане в Душанбе приветствовал решение о непредоставлении «Талибан» места в ООН

2 декабрь куни Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишда собиқ Афғонистон ҳукуматининг бир гуруҳ собиқ расмийлари ва афғон қочқинлари «Толибон» ҳаракати вакиллари учун БМТда жой берилмаслик ҳақидаги қарорни олқишлашди.

Бир кун аввал БМТ Махсус қўмитаси Афғонистоннинг БМТ Бош Ассамблеясидаги ўрни ҳали мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган ва янги ҳукумат тузган радикал ҳаракатга ўтказилмаслиги керак, деган қарорга келди.

Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Акбар БМТ Махсус қўмитаси қарорини тарихий ҳодиса деб атади. «Толибоннинг қулаши ана шу тарихий қарордан бошланади, деб ҳисоблаймиз. Афғонистондаги сиёсий миссиялардаги барча ҳамкасбларимизга яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар туфайли Афғонистон Ислом Республикасининг уч рангли байроқлари бундан буён ҳам Афғонистоннинг турли мамлакатлардаги дипломат ваколатхоналари биноларини безаб туради», — деди Акбар Душанбедаги учрашувда.

Бироқ Муҳаммад Зоҳир Акбар Тожикистондаги афғон қочқинларининг катта гуруҳи нима учун ўз ватанларига қайтарилди, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.

Афғонистон элчиси БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг бошпана изловчиларни депортация қилмаслик ҳақидаги мурожаатига изоҳ берар экан, бу мезбон давлатларнинг ички иши эканини айтди. Ўтган ой 11 эркак, 1 аёл ва 1 бола Тожикистондан Афғонистонга мажбуран қайтарилган эди. «Қочқинлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий қонунчиликка мувофиқ, Тожикистон халқаро ҳимояга муҳтож бўлганларга ўз ҳудудига киришини таъминлаши шарт», — дейилади БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги 19 ноябрь куни эълон қилган баёнотда.

15 август куни Толибон жангарилари Кобулга кириб келди, Афғонистон президенти Ашраф Ғани БААга қочиб кетди. Сентябрь ойи бошида 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида қолаётган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди.

2 декабрь куни Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулло Солиҳ ҳам БМТ Махсус қўмитаси қарорини олқишлади. «Афғонистоннинг БМТдаги ўрни Афғонистон Ислом Республикасининг қонуний ва конституциявий ваколатли вакилларида қолади. Биз бу қарорни олқишлаймиз ва буни афғонларнинг зўравонлик йўли билан босиб олиши натижасида етказилган катта жароҳатларни даволаш йўлидаги қадам деб биламиз», деб ёзди сиёсатчи Твиттерда.

Толибоннинг ўзи Афғонистоннинг янги ҳукуматига БМТда ўрин бермаслик қарорини адолатсизлик деб атаган. «Ушбу қарор адолат тамойилларига асосланмаган, чунки у афғон халқини қонуний ҳуқуқларидан маҳрум қилади», — деди Толибон томонидан ҳаракатнинг БМТдаги доимий вакили этиб кўрсатилган Суҳайл Шоҳин.

Ҳозирда ҳеч бир давлат Афғонистондаги Толибон бошқарувини тан олмаган.

XS
SM
MD
LG