Ссылки доступа

ЖССТ Туркманистонни «коронавирус ҳолатларини тан олиш»га чақирмоқда


 Иллюстративное фото.
Иллюстративное фото.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) миссияси Туркманистондаги тадқиқотларини якунлади ва мамлакат расмийларини «COVID-19-ни аниқлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга» чақирди.

Бу билан ЖССТ Туркманистоннинг мамлакатда коронавирус ҳолатлари тўлиқ йўқлиги ҳақидаги даъволарини яна бир бор шубҳа остига қўйди. Айни пайтда, Туркманистон ҳукумати коронавируснинг “Омикрон” деб номланган янги варианти пайдо бўлишидан хавотирда ва касалликнинг мумкин бўлган кейинги тўлқинининг олдини олиш чораларини кучайтиришни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиосининг хабардор манбаси маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Туркманистондаги ваколатхонаси сайтида эълон қилинган пресс-релизга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўп тармоқли экспертлар гуруҳи «пандемия туфайли юзага келган глобал фавқулодда вазият нуқтаи назаридан Туркманистон соғлиқни сақлаш тизимининг тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган бир ҳафталик миссиясини якунлади».

Миссияга раҳбарлик қилган ЖССТнинг Европадаги фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори доктор Дорит Ницан Туркманистонни «COVID-19-ни аниқлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга» чақирди.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ вакиллари Туркманистон расмийларининг мамлакатда бирорта ҳам коронавирус ҳолати аниқланмагани ҳақидаги баёнотларига шубҳа билан қараган эди.

«COVID-19 деярли икки йилдан бери дунё бўйлаб тарқалмоқда. Туркманистонда вирус тарқалмагани илмий жиҳатдан даргумон», деди ЖССТнинг Европадаги фавқулодда вазиятлар бўйича бош директори, доктор Кетрин Смолвуд BBCга.

Глобал коронавирус пандемияси бошланганидан бери Туркманистон мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганини эълон қилишда давом этмоқда.

Туркманистон ҳукумати ЖССТ миссияси раҳбарининг баёнотига ҳозирча изоҳ бермади, туркман матбуоти эса бу ҳақда ҳеч қандай хабар чиқармади. Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эса ҳукуматнинг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида ЖССТ «Туркманистон соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган кенг кўламли ишлар ва ютуқларни юқори баҳолаганини» айтди.

Айни пайтда, вазиятдан яхши хабардор манба Туркманистон ҳукуматининг омикрон-коронавирус варианти пайдо бўлишидан хавотирда экани ва кейинги тўлқиннинг олдини олиш учун чекловчи чораларни кучайтиришни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар бермоқда.

XS
SM
MD
LG