Ссылки доступа

Қозоғистонда мингга яқин маҳбус амнистия акти билан озод этилиши мумкин (видео)


2 декабрь куни Қозоғистон парламентининг юқори палатаси «Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев Сенатда ҳужжат кучга киргач, кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятларни содир этган мингга яқин маҳбус озод этилишини айтди.

«Қонун лойиҳаси кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятлар учун жазони ўташдан озод қилиш, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар учун жазонинг ўталмаган муддатини қисқартиришга қаратилган. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари – фахрийлар, вояга етмаганлар, кекса фуқаролар, I-II гуруҳ ногиронлари ҳамда давлат хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмайдиган бошқа шахсларга алоҳида эътибор қаратилмоқда», — деди Турғумбаев.

Аввалроқ вазир 2236 нафар маҳкум амнистияга, 11310 нафар шахс пробацион назоратга олиниши, судгача етиб бормаган 5 мингга яқин жиноят иши тугатилиши, 1674 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилишини ва жазони қисқартириш бандлари қўлланилишини маълум қилганди.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 34 минг киши жазони ижро этиш тизимидаги 64 та муассаса ва 16 та тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. 30 минг кишига нисбатан ҳукм чиқарилди, қолганлари ҳибсга олинди ва тергов қилинмоқда. Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, уларнинг 93 фоизи оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган бўлса, 45 фоизга яқини муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган.

Ҳуқуқ фаоллари томонидан сиёсий маҳбуслар қаторига қўшилган фуқаролар ҳам мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан амнистияга тушиши мумкин, деди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жиноий-ижроия тизими қўмитаси раиси ўринбосари Мейрам Аюбаев. Озодликнинг «405 ва 174-моддалар бўйича судланганлар амнистия қилиниши мумкинми?» деган саволига Аюбаев ижобий жавоб берди.

Қозоғистонда 12 нафар фаол ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритилган. Уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 405-моддаси билан жазоланган.

XS
SM
MD
LG