Ссылки доступа

Қирғизистон 2022 йилда ҳам Туркманистондан электр энергияси импорт қилмоқчи


Айни пайтда давлат ва вазирлик раҳбарлари даражасида 2022 йилда Туркманистондан Қирғизистонга электр энергияси импорт қилиш масаласи бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бу ҳақда 3 декабрь куни Қирғизистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича бешинчи йиғилиши чоғида энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев маълум қилди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир видеоконференсалоқа режимида ўтказилган, унда Бекмурзаев Қирғизистон энергетика салоҳиятини ошириш устида иш олиб борилаётганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, у 2021 йил июнь ойида Президент Садир Жапаровнинг Туркманистонга расмий ташрифи чоғида 1 августдан бошланган электр энергияси импорти бўйича келишувга эришилганини эслатди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Туркманистондан 2022 йилгача электр энергияси олиш бўйича яна бир келишув имзоланган. Айни пайтда давлат ва вазирлик раҳбарлари даражасида музокаралар олиб борилмоқда.

Жорий йилда Тўқтўғул сув омборидаги сув даражаси пастлиги сабабли Қирғизистон сўнгги йиллардаги энг йирик энергетика инқирозига дуч келди.

Бу вазиятдан чиқиш учун Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистондан айирбошлаш йўли билан электр энергияси олди. Шунингдек, Туркманистондан электр энергиясини импорт қилди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси Россиядан электр энергиясини етказиб бериш бўйича музокаралар ҳақида маълум қилди.

15 ноябрь куни Озодлик радиоси эфирида энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев Қирғизистонга электр энергияси импорти техник носозликлар туфайли тўхтатилганини айтди.

XS
SM
MD
LG