Ссылки доступа

Қозоғистоннинг икки фуқароси Грузияда қулликда бўлганини маълум қилди


Даму Жайлаубек ва Акжол Агыбай Грузияда тахминан уч ой давомида қулликда бўлганликларини маълум қилишди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳозир уларнинг ҳар иккиси ҳам хавфсиз ва яқин орада Қозоғистонга жўнатилиши кутилаётганини айтди.

18 ёшли Жайлаубек Озодлик билан суҳбатда ҳамкасби Окжол Агибай билан Грузияга қандай қилиб келгани ҳақида гапириб берди. Жайлаубекнинг сўзларига кўра, август ойида танишлари орқали улар Дубайга ишлаш учун кетган. Кейинчалик уларни таклиф қилган томон уларни Киевга, кейин эса Грузияга олиб кетган.

«Бизга Дубайда тур фирма ишлашимизни айтишди. Кейинроқ эса иш жойимиз кўчирилганини биз билан бошқа компания шуғулланишини айтишди. Шундай қилиб, биз Батумига келдик. У ерда қандайдир хитойликларнинг назорати остида бўлдик. Бизни кунига 24 соат ишлашга мажбур қилишди, калтаклашди ва баъзида овқатсиз қамаб қўйишди», деди Жайлаубек.

«Иш берувчи», Жайлаубекнинг сўзларига кўра, уларни биржа брокерлари сифатида ўзини сохта битимлар тузишга мажбур қилган. Полиция одам савдоси билан шуғулланганликда гумонланганларни қўлга олганидан сўнг Қозоғистоннинг икки фуқароси қўйиб юборилди.

Ҳозирда Даму Жайлаубек ва Акжол Агыбай Батумидаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштирилган.

Қозоғистонлик тадбиркор Канат Хўжа Грузияда ватандошларини қулликда ушлаб тургани ҳақида тасодифан маълумот топганини ва ҳозир уларга ҳар томонлама ёрдам бераётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Жайлаубек ва Агыбай одам савдоси ва яширин алмашинув операциялари билан шуғулланувчи гуруҳ томонидан қулликка олинган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистоннинг икки фуқароси Грузияда оғир аҳволда қолганини тасдиқлади. Вазирлик матбуот котиби Айбек Смадияровнинг сўзларига кўра, икки қозоғистонлик ҳақида маълумот ўтган ой Батумидаги консулликка келиб тушган.

Смадияровнинг сўзларига кўра, Жайлаубек ва Агыбай шу ҳафта охиригача Қозоғистонга етказилиши керак.

XS
SM
MD
LG