Ссылки доступа

Тожикистон ўнлаб афғонистонлик талабаларни мамлакатга киритмади


На таджикско-афганской границе. Архивное фото

Тожикистон мамлакатда таҳсил олаётган ўнлаб афғонистонлик талабаларга киришга рухсат бермади. Тожикистон таълим ва фан вазирлиги давлат чегарасини кесиб ўтиш масаласи бошқарма ваколатига кирмаслигини маълум қилди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари ҳозирги вазиятга изоҳ бермади.

Тожикистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўнга яқин афғон фуқароси Озоди радиоси билан суҳбатда август ойидан бери Афғонистон-Тожикистон чегарасида эканликларини, бироқ тожик чегарачилари уларни чегарадан ўтказмаётганини айтди. Хоруғ чегара отрядининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан ҳарбий хизматчиларидан бирининг айтишича, Толибон ҳукуматни қўлга киритгач, улар жанубий чегараларни «қулфланган ҳолда» сақлаш ҳақида буйруқ олган.

Тожикистон университетларида таҳсил олаётган кўплаб афғонистонлик талабаларнинг виза муддати тугаш арафасида. Ёшлар боши берк кўчага кириб қолди. Мамлакатдаги вазият туфайли, барча давлат муассасалари ёпилганидан сўнг улар паспортларини янгилаш ва янги виза олиш имконини йўқотдилар.

«Толибон» радикал ҳаракати жангарилари Кобулга кириб, Тожикистонда ўқув йили бошланишига икки ҳафта қолганда бутун Афғонистон устидан назоратни эълон қилди. «Ўшанда таътильда ҳаммамиз уйда эдик ва бундай муаммоларга дуч келишимиз мумкин деб ўйламаган эдик», – дейди Тожикистон Техника университетининг 4-босқич талабаси Абдулло Назарий. — Кўпчилик учун талаба визаси ноябрь ойида тугади. Умид қиламизки, Тожикистон ҳукумати бизга раҳм қилади ва бу муаммони ҳал қилади.

Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги уларнинг вазифаси афғонистонлик талабаларга қулай ва хавфсиз шароитда сифатли олий таълим олиш имкониятини бериш эканини айтди. «Аммо давлат чегарасини кесиб ўтиш масаласи вазирлик ваколатига кирмайди», — дейди расмийлардан бири.

Айни пайтда Тожикистон олий ўқув юртларининг афғонистонлик талабалари агар Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги Давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармасига талабаларнинг исм-шарифлари кўрсатилган расмий хат юборса, чегарачилар уларни мамлакатга киритишга рози бўлишларини айтишмоқда.

Қўшма Штатлар ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетганини эълон қилганидан кейин Толибон ҳукумат кучларига қарши ҳужум бошлади. 15 август куни Толибон Кобулни эгаллаб олди ва ҳукумат кучлари билан уруш тугаганини эълон қилди. Сентябрь ойида тузилган Толибон ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Қўшни давлатлар – Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари Толибон вакиллари билан бир неча бор учрашиб, ҳатто Афғонистонга ёрдам жўнатган.

Тожикистон Марказий Осиёда Толибонга нисбатан муросасиз позицияни эгаллаган ягона давлат бўлиб қолмоқда. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Толибонни Афғонистондаги тожиклар ҳуқуқларини менсимасликда танқид қилиб, бу мамлакатда фақат инклюзив ҳукумат тузилишини қўллаб-қувватлашини айтди.

Толибон вакиллари, ўз навбатида, Тожикистонни Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликка чақириб, бу «ҳар икки давлат манфаатларига тўғри келмаслиги»ни айтди.

XS
SM
MD
LG