Ссылки доступа

Тожикистонда судья пора олаётган вақтда қўлга олинди


Здание суда города Гулистон. Архивное фото
Здание суда города Гулистон. Архивное фото

Гулистон (собиқ Қайроққум) шаҳар суди судьяси Азизжон Шарифзода порахўрликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги вакиллари ҳозирча бу хабарга изоҳ бермади. Судьянинг қариндошлари ҳам тушунтириш беришдан бош тортди.

Хабардор манбаларнинг Озодлик радиосига айтишича, судья Шарифзода 6 декабрь куни ўз ишхонасида «минг доллар пора олаётган вақтда» қўлга олинган.

«Банкноталар махсус эритма билан ишлов берилган ва уларда ультрабинафша нурлар остида «пора» сўзи ёзилган. Азизжон Шарифзод ҳибсга олинганида унинг қўлларида шу эритма излари топилган», деди 7 декабрь куни манба.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан биз билан суҳбатлашган манбага кўра, Азизжон Шарифзод Сўғд вилоятидан Душанбега олиб кетилган.

Манбага кўра, пора иши ер тақсимоти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Азизжон Шарифзода Президент Имомали Раҳмоннинг 2020 йил 7 февралдаги фармони билан Гулистон шаҳар судьяси этиб тайинланган эди. У аввал Сўғд вилояти Ғофуров тумани Бобожон судида ишлаган.

Аввалроқ, Шарифзода 2019 йил охирида Суғд вилояти Гулистон шаҳар суди раиси Наргис Ёдгорзода ва шу суднинг судьяси Муродбек Насриддинзода шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этгани учун ишдан бўшатилган эди.

Тожикистонда судьяларни президент тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Тожикистонда 450 дан ортиқ судья ишлайди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар мамлакат суд тизими ижро ҳокимиятига қарам эканлигини, шунинг учун судьялар мустақил эмаслигини қайта-қайта таъкидлаган.

Президент Имомали Раҳмон 2019 йил 21 ноябрь куни мамлакат адлия тизими мутасаддилари билан учрашувда сўзлаган нутқида «2009 йилдан ҳозиргача 25 нафар судья (шу жумладан, 1 нафар аёл) ва 16 нафар суд ходими коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун судланган», — деди.

2020 йилда Сўғд вилоятида яна икки судья худди шундай айбловлар билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Порахўрлик билан ҳибсга олинган судьялар кўпинча «судья шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар содир этгани» учун ишдан бўшатилади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари судьялар маошининг пастлигини суд тизимида порахўрлик тарқалишининг сабабларидан бири сифатида баҳолайди.

XS
SM
MD
LG