Ссылки доступа

ТБАВдаги воқеаларни текшириш бошланди — манбалар


Махсус гуруҳ томонидан Роштқалъа тумани Тавдем қишлоғи ва Тоғли Бадахшон автоном вилояти маъмурий маркази Хоруғ шаҳрида содир бўлган воқеаларни ўрганиш бошланди.

Махсус гуруҳ таркибига Тожикистон Бош прокуратураси ходимлари ва фуқаролик жамияти вакиллари кирган.

Хоруғдаги норозилик намойиши 25 ноябрь куни тушдан кейин бошланди. Халқнинг норозилигига сабаб бўлган Роштқалъа тумани Тавдем қишлоғида яшовчи 29 ёшли Гулбиддин Зиёбековнинг Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус операцияси чоғида ҳалок бўлгани сабаб бўлди. Расмийлар, хусусан, Зиёбековнинг ўлими сабабларини холисона текширишга ваъда берганидан сўнг, намойишчилар 28 ноябрь куни кечқурун тарқалишди.

Озодлик радиоси манбаларининг 9 декабрь куни хабар беришича, гуруҳ аъзолари ўз ишини расмий маълумотларга кўра, Зиёбеков махсус операция иштирокчилари томон ўқ узган «Макаров» тўппончасини текширишдан бошлаган. Зиёбеков Тавдем шаҳрида яшовчи шахсни гаровга олиш ва ҳукумат вакилига зўравонлик қилишда айбланиб, қидирувга берилган эди. Аммо Зиёбековнинг яқинлари унинг ҳеч қачон қуроли бўлмаганини даъво қилмоқда. Гулбиддиннинг онаси Певистамо Абдулмўминова аввалроқ берган интервьюсида ўғлининг армияда хизмат қилмагани ва қурол ишлатишни билмаслигини айтган эди. «Бу қурол қаердан келганини билмайман», деб ҳайрон бўлди у.

Гуруҳ аъзолари шунингдек, воқеа гувоҳларини сўроқ қилмоқда. Тавдем ва Хоруғдаги воқеалар юзасидан тергов камида икки ой давом этади, деди улар маҳаллий ҳокимиятга таяниб.

Фуқаролик фаоли, ТБАВ тергов гуруҳи аъзоси Бахтовар Бахтиёров 8 декабрь куни Озодлик радиоси билан суҳбатда тергов шаффоф олиб борилаётганини айтди.

Бош прокуратура терговчилари «тергов жараёнига халақит бермаслик» учун изоҳ беришдан ўзларини тийган. Терговчилар билан алоқада бўлган манба қуролдан Гулбиддин Зиёбековнинг бармоқ излари топилганини маълум қилди. Лекин бу маълумотни мустақил манбалар билан текширишнинг имкони йўқ.

Хоруғдаги тўрт кун давом этган норозилик намойишлари иштирокчилари вилоят раҳбарияти улар билан учрашиб, ўз талабларини бажаришга – митингда қатнашганларни ҳар қандай таъқибдан сақланишга ваъда берганидан сўнг тарқалди. Гулбиддин Зиёбеков, Гулназар Муродбеков ва Тўтишо Амиршоевларнинг ўлими юзасидан тезкор, холис ва самарали тергов ўтказсин ҳамда ТБАВда интернет ва барча турдаги алоқаларни тиклашга ва шу билан бирга, тергов жараёнини ТБАВнинг турли туманларидан 44 нафар фуқаро фаоллари кузатиб боришлари ҳақида келишувга эришилди.

Бироқ расмийлар намойишчиларга берилган ваъдаларни расмийлаштиришга шошилмаяпти.

1 декабрь куни ТБАВ маъмурияти ва ИИВнинг ТБАВ бўйича бошқармаси Хоруғдаги тўрт кун давом этган норозилик намойишларида қатнашган ва бошқа жиноятларни содир этмаганлар жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилди.

Хоруғликларнинг айтишича, ҳалигача интернетга кириш имкони йўқ. Маълумотларга кўра, интернетга уланиш ТБАВдаги айрим давлат идоралари ва халқаро ташкилотлардагина тикланган.

XS
SM
MD
LG