«Кўрсатма» қозоғистонликларнинг Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармасининг (ЙЖБПЖ) келаси йил бошидан чегарани ошириш ҳақидаги қароридан норозилиги кучайиши фонида эълон қилинди.
Токаев «фуқароларнинг кўплаб мурожаатларини тинглади» ва ҳукуматга аввалги чегараларнинг амал қилиш муддатини 2022 йил 1 апрелгача узайтириш бўйича «кўрсатма берди», дейилади президент матбуот котиби хабарида.
3 декабрь куни ЙЖБПЖ янги йилдан бошлаб етарлилик чегараси — жамғармаларнинг бир қисмини ечиб олиш учун ҳисобда сақланиши керак бўлган маблағлар миқдори деярли икки баравар оширилишини эълон қилганидан сўнг, пенсия олувчилар орасида шов-шув кўтарилди. Мамлакатда пенсияларни муддатидан олдин олиб қўйиш бўйича чегараларни пасайтириш талаби билан онлайн петиция учун имзо тўплаш бошланди, петиция остида 60 мингдан ортиқ имзо йиғилди.
Токаевнинг «буйруғи» олдидан олмаоталик икки нафар фуқаро етарлилик чегарасининг ошиши муносабати билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эди.
Қозоғистонликларга жорий йилда етарлилик чегарасидан юқори бўлган пенсия жамғармаларини олишга рухсат берилди. Маблағлар яшаш шароитларини яхшилаш — кўчмас мулк сотиб олиш, ипотека кредитларини тўлаш, шунингдек даволаниш ва қимматли қоғозларга сармоя киритиш учун ишлатилиши мумкин. Маблағларнинг асосий қисми кўчмас мулк бозорига ўтди, мамлакатда квартира ва уйлар нархи ошди, инфляция тезлашди. Шу фонда, ЙЖБПЖ етарлилик чегарасининг ошишини эълон қилди, расмий равишда бу энг кам иш ҳақи ва пенсияларнинг яқинлашиб келаётган ўсиши билан изоҳланди.