Ссылки доступа

Pegasus қозоғистонлик фаолларнинг ҳам телефонларига ўрнатилган


Amnesty International (AI) инсон ҳуқуқлари ташкилоти камида тўрт нафар қозоғистонлик фуқаролик фаолининг мобил телефонлари Исроилнинг NSO Group компанияси томонидан ишлаб чиқилган Pegasus жосуслик дастури билан зарарланганини аниқлади.

Amnesty International Хавфсизлик Лабораторияси 9 нафар қозоғистонлик фаол ва ҳуқуқ ҳимоячисининг телефонларини суд-тиббий экспертизасидан ўтказди. Ташкилот тўрт кишининг қурилмалари Pegasus жосуслик дастурлари билан зарарланганлигини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Фаолларнинг уч нафари – Тамина Оспанова, Димаш Алжанов ва Айзат Абилсейит 24 ноябрь куни Appleдан «ҳукумат хизматидаги хакерлар» уларнинг мобил қурилмаларига ҳужум қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш олган.

Apple ушбу билдиришномаларни NSO Groupнинг Pegasus жосуслик дастурлари нишонга олиши мумкин, деб ҳисоблаган шахсларга юборди. Кузатувнинг тўртинчи қурбони Дархон Шарипов бу хабарномани олмаган. Ташкилотга кўра, бу хабар берилган шахслар «Қозоғистонда Pegasus жосуслик дастурлари қурбонига айланган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг кичик бир қисми» эканлигини кўрсатади.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилотининг қайд этишича, қурбонларнинг барчаси “Оян, Қазақстан” («Уйғон, Қозоғистон») ёшлар ижтимоий ҳаракатига мансуб, шунингдек, раҳбарлик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилиш таҳдиди остида бўлган Темирлан Энсебекнинг дўстларидир.

«Ушбу фаолларнинг телефонларини ноқонуний бузиш нафақат уларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқини, балки сўз эркинлиги ва уюшмалар тузиш ҳуқуқини ҳам бузади. Қозоғистон расмийлари ушбу электрон босқинни зудлик билан чуқур ва ошкора текширувдан ўтказиши ҳамда фаолларни ноқонуний кузатишда айбдорларни жавобгарликка тортиши керак», деди Amnesty Internationalнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс.

XS
SM
MD
LG