Ссылки доступа

Ўзбекистондан Россияга 9 ойда уч миллиондан ортиқ киши ишлагани келгани билдирилди


2021 йилнинг январь—сентябрь ойларида Ўзбекистондан Россияга 3 миллион 54 минг 180 киши ишлаш учун келди. Бу ҳақда RT Россия Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Мазкур маълумот Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги статистикасига зид келмоқда. Агентлик аввалроқ жорий йилнинг 10 ойида хорижга ишлаш учун 91 минг 958 ўзбекистонлик жўнатилгани, улардан 84 минг 574 киши Россияда ишга жойлаштирилгани тўғрисида билдирган.

8 декабрь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов айни пайтда Ўзбекистоннинг 35 миллионлик аҳолисининг 2 миллиони ёки деярли 20 фоизи доимий равишда меҳнат муҳожири бўлиб қолаётгани ва улардан 80 фоизи Россия ҳудудида, қолганлари Қозоғистон, Корея ва АҚШда ишлаётгани тўғрисида маълум қилганди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида Россияга ишлаш учун келганлар сони бўйича Ўзбекистондан кейинги ўринларни Тожикистон (1 миллион 597 минг 481 киши), Қирғизистон (623 минг 465 киши), Арманистон (298 минг 801 киши) ва Озарбайжон (185 минг 752 киши) эгаллаган.

XS
SM
MD
LG