Ссылки доступа

10 ой ичида 331 мингдан ортиқ тожик муҳожири Россияга ишлаш учун кетган


Россия Федерацияси тожикистонлик муҳожирлар учун асосий меҳнат бозори бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, тожик муҳожирларнинг 95 фоизи айнан Россияга жўнаб кетган.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти Иркутск, Чита, Новосибирск, Ростов-на-Дону, Санкт-Петербург, шунингдек, Москва ва Ленинград вилоятларига ишлашга боради, дейди Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири ўринбосари Шаҳноза Нодирий.

Тожикистон миграция хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойида 331 мингдан ортиқ тожикистонлик муҳожир Россияга иш излаб кетган. Россия расмийларининг даъво қилишича, ҳозирда Тожикистоннинг 1 миллион 597 минг 481 фуқароси Россияда меҳнат миграцияси мақсадида рўйхатга олинган.

Тожикистон ва Россия икки фуқаролик тўғрисидаги шартномани ратификация қилган ва бир шахс ҳам Тожикистон фуқароси, ҳам Россия фуқароси бўлиши мумкин. Қолган тожик меҳнат муҳожирлари асосан Қозоғистон, Украина ёки Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби узоқ хорижга ишлашга боришади.

Меҳнат миграцияси Тожикистон иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири бўлиб, меҳнат муҳожирлари ҳар йили оилаларига ёрдам бериш учун ватанига миллиардлаб доллар юборади. Расмий маълумотларга кўра, 2019 йилда Тожикистонга 2,7 миллиард доллар пул ўтказмалари тушган. 2020 йилда бу кўрсаткич пандемия ва Россияга саёҳат чекловлари туфайли бироз пасайган.

Умуман олганда, айни пайтда Россияда Тожикистоннинг 1 миллиондан ортиқ меҳнатга лаёқатли аҳолиси меҳнат қилмоқда ва уларнинг пул ўтказмалари мамлакатда барқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятни сақлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Аммо шу билан бирга, кўплаб муҳожирлар ноқонуний равишда, Россия иқтисодиётининг яширин секторида шафқатсиз эксплуатацияга дучор бўлишади. Бахтсиз ҳодисалар, касаллик ёки бошқа ҳодисалар натижасида ҳар йили юзлаб одамлар ҳалок бўлади. Ўтган йилнинг ўзида Россиядан тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг жасадлари бўлган 300 та тобут олиб келинган.

Халқаро молия ташкилотларига кўра, қисқа муддатли меҳнат миграцияси Тожикистон иқтисодиётига фойда келтирсада, унинг оқибатлари узоқ муддатда ҳам жамият, ҳам мамлакат иқтисодиёти учун салбий бўлади. Мамлакат малакали мутахассисларни йўқотмоқда, оилаларда ажралишлар сони ортиб бормоқда, отасини йилига бир ёки икки марта кўрган болалар кўпинча руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади.

XS
SM
MD
LG