Ссылки доступа

Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистонга контрабанда ёнилғи-мойлаш материаллари олиб кирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди


Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Қирғизистондан Тожикистонга контрабанда ёнилғи-мойлаш материаллари олиб ўтилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси хабарига кўра, 14 декабрь куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видео ва хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегара хизмати маълумотларига кўра, ёқилғи ташувчи автомашиналар “Қирғизнефтегаз” ОАЖга тегишли бўлиб, Боткен вилоятидан Жалолобод вилоятига жўнатилган.

«Чегара хизмати Қирғизистон Республикаси фуқароларини бундай турдаги хабарлар билан жамоатчиликни чалғитмасликка, балки тегишли органлар билан маълумотларга аниқлик киритишга чақиради», — дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боткен вилоятида халқ посбонлари ходимлари устидан шикоят қилинган эди.

Халқ посбонларини ташкил этиш ташаббуси 28-30 апрель кунлари бўлиб ўтган чегарадаги можародан сўнг Боткен вилоятининг қатор қишлоқлари аҳолиси томонидан билдирилган эди. Ўшанда қирғиз томондан 154 киши яраланган, 36 киши ҳалок бўлган, жумладан икки бола. Тожикистон расмийлари 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилди.

XS
SM
MD
LG