Ссылки доступа

ЖССТ: дунёда омикрон инфекциясини юқтирганлар сони ортмоқда


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавируснинг янги тури дунё бўйлаб мисли кўрилмаган даражада тарқалиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ноябрь ойи охирида Жанубий Африкада биринчи марта аниқланган омикрон инфекцияси ҳолатлари аллақачон 77 мамлакатда тасдиқланган ва уларнинг сони ҳар икки-уч кунда икки баравар ортиб бормоқда. Бу ҳақда Sky Newsга ЖССТнинг COVID-19 га қарши кураш бўйича махсус вакили Девид Набарро маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, омикрон билан боғлиқ вазият «бир ҳафта ичида саккиз марта, икки ҳафта ичида эса 40 баробар жиддийроқ бўлади». Омикрон штаммининг ўлим даражаси пастлиги тасдиқланса ҳам, вируснинг тез тарқалиши соғлиқни сақлаш тизимларига таъсири сезиларли бўлади», деди ЖССТ вакили. Бундай шароитда юқори ўлимдан фақат катта омад билан қочиш мумкин бўлади. Набарронинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон COVID-19 ҳақида ҳозиргидан кўра кўпроқ ташвишланмаган.

Гонконг университетининг тиббиёт факультети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, омикрон инсон бронхларида вируснинг асл варианти ва ҳинд «дельта» штаммидан 70 марта тезроқ кўпаяди.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен январь ойида омикрон варианти Европада доминант бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Яқинда Буюк Британия ҳукумати мамлакатда ҳар куни 200 мингга яқин одам коронавируснинг янги штаммини юқтириши мумкинлигини айтди. Лондонда омикрон аллақачон вируснинг асосий вариантига айланган. Вирус тез тарқалаётган Британия пойтахтида шамоллашдан кўра COVID-19 ни юқтириш эҳтимоли кўпроқ, дейди шифокорлар.

Чоршанба куни Буюк Британияда 78,000 дан ортиқ коронавирус инфекцияси қайд этилди, бу пандемия бошланганидан бери рекорд кўрсаткичдир. Ўтган кун давомида янги касалланганлар сони қарийб 20 мингга ошди.

Олимларнинг огоҳлантиришича, кўп сонли мутациялар туфайли омикрон касалликдан кейин вакциналар ва антитаначаларга чидамли бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG