Ссылки доступа

Россиянинг Рубан конидаги ёнғиндан 128 кончи эвакуация қилинди


Россия Федерациясининг Кемерово вилояти, Ленинск-Кузнетск шаҳридаги А.Д.Рубан номидаги шахтада кўмир қатламининг исиши натижасида ёнғин чиқди.

Кончилар ер юзасига эвакуация қилинмоқда, деб ёзади «ТАСС» кўмир корхонаси таркибига кирувчи «СУЭК-Кузбасс” компанияси матбуот хизматига таяниб. Барча 128 кончи кондан ер юзасига олиб чиқилган.

Конга эгалик қилувчи СУЭК компаниясининг РБКга айтишича, ҳодисанинг дастлабки сабаби қатламдаги ёнғин бўлган.

Кейинчалик воқеа жойидаги тезкор штаб, ҳодисага «кўмир қатламидаги кимёвий жараёнлар» сабаб бўлди, деган хулосага келган. «Дастлабки маълумотларга кўра, қатламда оксидланиш реакцияси ривожлана бошлаган. Кўмирнинг оксидланиши туфайли ҳароратнинг назоратсиз кўтарилиши бошланиб, критик қийматга етган, бу эса кўмир қатламининг ўз-ўзидан ёниб кетишига олиб келди», — деди манба. Унинг сўзларига кўра, ёнғин айни пайтда тўхтаган. Ёнғин фойдаланилмаётган объектда содир бўлган ва у ерда одамлар бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни эрталаб Кузбассдаги Листвяжная конида авария юз берди. 250 метр чуқурликдаги ёнғиндан кейин портлаш натижасида 51 киши, жумладан беш нафар қутқарувчи ҳалок бўлган. Ер остида жами 285 киши бўлганлиги айтилади.

Шундан сўнг вилоятда текширувлар ўтказилди, натижада Кемерово вилояти конларида икки мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, улар бўйича 837 та маъмурий иш очилди. Улардан 346 таси меҳнатни муҳофаза қилиш меъёрларини бузиш билан боғлиқ, деб хабар беради «РИА Новости».

XS
SM
MD
LG