Ссылки доступа

Россия Мудофаа вазирлиги самолётлари Кобулдан 200 га яқин одамни, жумладан қирғизистонликларни олиб чиқди


18 декабрь куни Россия Мудофаа вазирлигининг Афғонистонга гуманитар юк етказган учта ҳарбий-транспорт самолёти 200 га яқин йўловчини Кобулдан Москвага олиб кетганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, учта Ил-76 самолёти Кобулдан 200 га яқин Россия ва Қирғизистон фуқаролари, шунингдек, Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғонистонлик талабаларни олиб чиқиб кетган. Россия мудофаа вазирлиги таъкидлаганидек, ушбу ҳарбий-транспорт самолётлари Ҳисор (Тожикистон) ва Кант (Қирғизистон) аэродромларига оралиқ қўнишни амалга оширди.

Бу Афғонистондан муҳтож фуқаролар ва афғон талабаларининг тўртинчи эвакуациясидир. Россия Мудофаа вазирлиги Владимир Путин топшириғига биноан август, ноябрь ва декабрь ойлари бошида Афғонистондан 770 нафар Россия фуқаролари ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) аъзоларини эвакуация қилган учта ҳарбий транспорт самолёти гуруҳини тузди.

Россия томонига кўра, сўнгги ойларда Афғонистонга 100 тонна гуманитар ёрдам етказилган.

Россия фуқаролари ва мамлакат иттифоқчиларининг Афғонистондан эвакуация қилиниши Москванинг Толибон билан тўғридан-тўғри алоқаларини ва Афғонистон ҳукумат кучларига қарши сўнгги 20 йил ичида жанг қилган радикал диний ва сиёсий ҳарбийлаштирилган «Толибон» ҳаракати билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни тиклашга уринишлари фонида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатлари Афғонистонда «Толибон»нинг ҳокимият тепасига келишини танқидий баҳолаб, ушбу мамлакатдаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти яқинда ташкилот штаб-квартирасида Толибон вакилини рўйхатдан ўтказишдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG