Ссылки доступа

ТБАВдаги «можаро қурбони» Гулбиддин Зиёбековнинг жасади иккинчи экспертиза учун эксгумация қилинди


Гулбиддин Зиёбеков. Фото из соцсетей

25 ноябрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ўлдирилган ТБАВнинг Роштқалъа туманида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг жасади иккинчи экспертиза учун эксгумация қилинди.

Суд-тиббиёт экспертлари жасадда яна иккита ўқ қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, жасадни иккинчи экспертизадан ўтказиш учун қабрдан олишга қарор қилишган.

Гулбиддин Зиёбековнинг ўлими Хоруғда тўрт кун давом этган норозилик намойишларига сабаб бўлган. Намойишга чиқан одамлар вилоят ҳокимлиги биноси олдида йиғилиб, расмийлардан воқеа юзасидан адолатли тергов ўтказишни талаб қилган. Фуқаролик жамияти вакиллари ва Тожикистон расмийлари ўртасидаги музокаралардан сўнг иккинчи томон намойишчилар талабларини бажаришга рози бўлди.

Гулбиддин Зиёбековнинг укаси Интизор Зиёбековнинг Озодлик радиосига айтишича, жасад 11 декабрь куни эксгумация қилинган. Унинг айтишича, ишни адолатли тергов қилиш учун жасадни эксгумация қилишга келишилган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги текширув чоғида ўқлардан бири акасининг бел қисмига тегиб, сўнг траэкториясини ўзгартириб, юракдан чиқиб кетгани аниқланган.

«Улар яна нимани топгани ва қандай хулосага келгани дастлабки тергов якунида маълум бўлади. Эксгумация пайтида суд-тиббиёт экспертлари билан фуқаролик жамияти вакили ҳам бўлган», деди у.

28 ноябрь куни ўтказилган норозилик акцияси якунида намойишчилар жамиятнинг фаол аъзолари орасидан 44 нафар вакилни сайладилар. 19 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда фаоллар тергов жараёнидан норози эканликларини билдириб, Мажлиси Миллий спикери Рустам Имомалига мурожаат қилишга қарор қилишган.

Фуқаролик жамияти, шунингдек, расмийларни 25-28 ноябрь кунлари бўлиб ўтган норозилик намойишларида қандай асосда қурол қўлланганига ойдинлик киритишга чақиради.

XS
SM
MD
LG